Садир Жапаров Путин билан МДҲнинг Остонадаги саммитида учрашиши айтилди

217

Президент Садир Жапаров Россия етакчиси Владимир Путин билан Остонада бўлиб ўтадиган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида учрашади. Бу ҳақда «Клооп»га президент маъмурияти матбуот хизматидан хабар берди.

«[Владимир Путин ва Садир Жапаровнинг] учрашув формати ишлаб чиқилмоқда», — дейилади матбуот хизматидан.

9 октябрь куни Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Қирғизистон билан Россия президентлари телефон орқали «икки томонлама ҳамкорлик» масалаларини муҳокама қилишни давом эттириш учун Остонада учрашишга келишиб олганини айтган.

Песковнинг сўзларига кўра, икки президент ўртасидаги суҳбат Жапаров иштирок эта олмаган Санкт-Петербургдаги МДҲнинг норасмий саммити олдидан бўлиб ўтган.

Жапаров Қозоғистонда 12-14-октябргача бўлади. У шунингдек, Осиёдаги ўзаро  ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича саммит ва «Марказий Осиё – Россия» деб номланган биринчи саммитда иштирок этади.

МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви

МДҲга аъзо давлатлар президентларининг норасмий саммити 7 октябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтди.

Саммитнинг норасмий қисмида иштирокчилар Россия билан Тожикистон президентларининг – Владимир Путин билан Эмомали Раҳмоннинг 70 йиллигини нишонладилар.

Тадбирда Путин Раҳмонга 4-октябрдаги фармони билан «Ватан олдидаги хизматлари учун» III даражадаги орденини топширган.

Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев президент иш жадвали туфайли йиғилишда қатнаша олмаганини билдирган.

«Россия президенти Владимир Путиннинг 70 йиллиги муносабати билан Президент Жапаровнинг табрикларини етказиш учун Қирғизистон томонидан Давлат котиби Суюнбек Касмамбетов юборилди», — деб ёзган президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев.

Аввалроқ АКИpress агентлиги президент маъмуриятига яқин шахсга асосланиб, Жапаров тадбирда иштирок этмаслиги ҳақида хабар берган. У журналистларга Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг 70 йиллик таваллудига бағишланган тантанали тадбирда Қирғизистон президентининг иштирок этишини аҳмоқлик деб ҳисоблаётган қирғизистонликларнинг  талабларини эшитганини айтган.