Милиция Бишкекдаги Россия элчихонаси олдида урушга қарши митингга чиққан фуқаро фаоли Ондуруш Токтонасиров билан яна бир фаолни сўроқдан сўнг қўйиб юборди. Бу ҳақда Токтанасиров Фейсбук саҳифасида ёзди.
«Қўйиб юборишди. Демак, менинг ҳаракатимда ҳеч қандай жиноят аломатлари, ҳаракати бўлмаган. Раҳмат, сизларга! Бироқ, бугун ўз ташаббуси билан чиқиб, бир машинада мен билан сўроқ қилиш учун олиб келинган Владимир исмли рус йигит қолди. Уни бошқа терговчи сўроқ қиляпти. Ҳуқуқ ҳимоячилари сизлардан илтимос Владимирни ҳам ҳимоя қилинглар. Уни Россияга экстрадиция қилишмасин», — деб итимос қилди Токтанасиров.
Биринчи май туман ИИБ қўлга олинган учинчи шахс ҳақида «Клооп»га кейинроқ маълум қилишга ваъда берди.
Аввалроқ «Баштан Башта» фуқаролик ҳаракати Телеграм-каналида Россия элчихонаси олдида шахсий пикет ўтказган фаол Токтонасировга милиция ходимлари тўсқинлик қилаётгани акс этган видеони эълон қилган эди.
Видеода милиция ходимлари суднинг митингни тақиқлаш тўғрисидаги қарорини кўрсатиб, пикетни бошқа жойга кўчиришни илтимос қилганини кўриш мумкин.
«Путин Боткенга шундай ҳужум қилиб, кейин Раҳмонни мукофотлагани сенга ёқдими?»— деб сўраган Токтанасиров милиция ходимидан.
«Баштан Башта»нинг Телеграм-каналида пикет иштирокчилари ҳибсга олингани акс этган видео ҳам эълон қилинган.
Фаоллар Россия элчихонаси олдида урушга қарши митингга аввал ҳам чиқишган. Ўшанда милиция ходимлари ташкилотчи Ондуруш Токтанасировга элчихона олдида митинг ўтказишни тақиқловчи суд қарорини кўрсатганидан сўнг, акция Горкий номидаги боғда ўтган.
Аввалроқ шаҳарнинг Биринчи май туман ИИБ бир неча жойларда, жумладан, Россия элчихонаси олдида тинчлик митинглари билан акцияларни ўтказишни тақиқлаган эди. Кўп ўтмай, Биринчи май туман суди тақиқни қонуний деб топган.
Чегарадаги қуролли можаро
14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувда камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.
Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.
Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.
Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.