Боткен: Интернационал қишлоғи аҳолиси президентга мурожаат қилди

307

6-октябрь куни Лайлак туманидаги Интернационал қишлоғи аҳолиси ҳокимият вакиллари томонидан эътиборсиз қолаётганидан шикоят қилиб, хавфсизликни таъминлашни сўраб Президент Садир Жапаровга мурожаат қилди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.

Аҳоли тожик аскарлари томонидан таҳдид бўлаётгани туфайли чегарага яқин жойлашган  далалардан ҳосилни йиғиб ололмаётганини айтди.

«5-октябрь куни соат 18:00 атрофида яна ўқ узилди. Қиш учун даладан ҳосилни йиғиб олишимиз керак. Бизни ҳимоя қиладиган чегарада биронта ҳам аскар йўқ. Фарзандларимиз ўқ териш билан  ўйнаб қолишди», — дейилади мурожаатда.

Улар қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувдан кейин вайрон бўлган бозорни тиклаб, қишлоқда тозалаш ишларини олиб боришни сўрашган.

«Бозор ишламаяпти, биз бошқа жойдан савдо қиляпмиз. Ҳукуматдан бизга кичик бозор очиб беришни сўраймиз. Халқимиз шу ердан овқат есин, ўзимизга-ўзимиз хизмат қилайлик. Оналар билан болалар қийналди, акс ҳолда бизни кўчириб олиб кетинглар. Қишлоқда тозалаш ишлари бир ҳафтадан бери олиб борилмаяпти, кўрган одамларнинг юраги тушиб, яна стрессга учрамоқда», – дейди аҳоли.

Уларнинг сўзларига кўра, Интернационал қишлоғи аҳолисининг 70%  уйларига қайтмаган, аксарияти эса бошқа жойларга кетмоқда.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган

ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда 600 та турар жой, 285 та сарой ва хўжалик бинолари, 6 та мактаб, 6 та болалар боғчаси, 9 та маъмурий бино, 26 та автомашина ва 171 та бошқа аҳоли пунктлари зарар кўрган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 63 киши ҳалок бўлган, 206 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати тўқнашувда 41 тожикистонлик ҳалок бўлганини, 20дан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлади.

Дастлабки олинган маълумотларга кўра, Қирғизистон қуролли тўқнашувдан тахминан 1,5 млрд сомлик зарар кўрган.

Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда ноқонуний тарзда биринчи бўлиб  ҳужум қилган ҳаракатларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовузкорлик деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни  айблади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида президент Садир Жапаровга жавоб қайтариб, «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлди» деган.