Акилбек Жапаров: Тожикистон томонининг ҳаракати КХШТ нуфузига путур етказади

254

Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Бош котиби Станислав Засни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Жапаров ўз суҳбатдошига яқинда қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли можаро ҳақида гапириб берди.

«Тожикистон томонининг бундай ноқонуний ва бузғунчи ҳаракатлари бутун ташкилотимиз обрўсига путур етказади. Қирғизистонликлар Ташкилот доирасида қуролли тўқнашувлар юзага келса, жамоавий хавфсизлик ҳақида қандай гапириш кераклиги ҳақида асосли саволлар беришмоқда», — деди Жапаров.

Станислав Зась, ўз навбатида, келажакда бундай фожиалар такрорланмаслиги кераклигини таъкидлади.

Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов 22 сентябрь куни қирғиз-тожик чегарасидаги можаро туфайли Қирғизистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти низомини қайта кўриб чиқишни таклиф қилишини айтди.

«Агар кимдир муаммони куч билан ҳал қилишга уринса, унда  уни ташкилотдан четлаштиришни тавсия қиламиз. КХШТга аъзо бўлиш орқали ташқи таҳдидлардан ҳимояланишни кутар эканмиз, ташкилот ичида зиддиятга дуч келсак, бунинг нима кераги бор? Мамлакатларимиз аъзо давлатлар бир-бирига қарши куч ишлатиши мумкин бўлган жойларни олиб ташлаш учун КХШТ низомининг айрим қисмларини қайта кўриб чиқиш вақти келди», —  деган Иманкулов.

КХШТга Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Беларус ва Россия киради. Ташкилотнинг асосий мақсади  «тинчлик, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жамоавий асосда ҳимоя қилиш»дир.

Шу билан бирга, Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги битимда агар ташкилот аъзолари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлган тақдирда қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида механизм мавжуд эмас.

Масалан, 2021-йил апрель ва 2022-йил сентябрь ойларида Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида иккита қуролли тўқнашув бўлганида КХШТ ҳеч қандай аниқ чора кўрмади, фақат ўқ отишни тўхтатиш ва музокаралар олиб боришга чақирган.

КХШТ Бирлашган штаб бошлиғи Анатолий Сидоров Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги битимда низоларни сиёсий-дипломатик усуллар билан ҳал этишга устувор аҳамият берилганини таъкидлаган.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Можарода Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20-сентябрь куни берган маълумотларига кўра, камида 59 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.Тожикистон ТИВнинг расмий маълумотларига кўра, тўқнашувда 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон расмийлари воқеани босқинчилик ҳаракати ва тожик томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам воқеани агрессия деб атаб,  можарони авж олишида  Қирғизистонни  айбламоқда.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 972 км бўлиб, шундан атиги 600 километри келишилган.

Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда ноқонуний тарзда биринчи бўлиб  ҳужум қилган ҳаракатларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.