Ҳақиқатчи Европа Иттифоқи вакилидан Тожикистонни «қуролли провокациялар»ни тўхтатишга мажбурлашни сўради

206

Ҳақиқатчи Атир Абдрахматова 2-октябрь куни Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда у Гилмордан Тожикистонни «қуролли провокациялар»ни тўхтатишга мажбурлашни сўраган.

Абдрахматова Европа Иттифоқи вакилига қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги қуролли можаро ҳақида маълумот берди. У Гилмордан Тожикистоннинг Боткен вилояти тинч аҳолисига нисбатан «ғайриинсоний, қуролли тажовуз»ини танқид қилишни сўради.

Ҳақиқатчи аппарати ходимлари 19-сентябрдан бошлаб Боткен шаҳридаги қуролли можародан жабр кўрган қишлоқларда бўлиб, уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган аҳоли билан суҳбатлашди.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16-сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон ҳукумати Тожикистон томонини босқинчилик ва ҳарбий ҳужумда айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можародан жабр кўрган Қирғизистон фуқаролари сони 198 нафарни ташкил қилган. Шунингдек, қуролли тўқнашувда 62 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистонга етказилган моддий зарар миқдори тахминан 1,5 миллиард сомни ташкил қилган.

Маллиф:Бакай Алмаз