Боткен: Тожик ҳарбийлари портлатган кўприк ёнига муқобил кўприк қурилди

289

Боткен вилоятида Кўк-Тош – Оқ-Сай – Тамдиқ автомобиль йўлининг 7-километрида кўприкнинг ёнига вақтинча муқобил кўприк қурилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Бошқарма маълумотларига кўра, автомобиллар учун ўтиш жойи очиқ.

Вақтинчалик қурилган кўприк темирдан ясалган, енгил ва юк ташувчи машиналарнинг ўтишига чидамли.

Транспорт вазирлиги Тожикистон ҳарбийлари қирғиз-тожик чегарасида вазият кескинлашган 16-сентябрь куни кўприкни портлатганини маълум қилди.

Вазирликдан кўприк одамларни эвакуациялаш ҳамда инсонпарварлик ёрдамини ташиш учун қлланиб келинганини айтишган. Кўп ўтмай вазирлик бузилган кўприкка шағал тўкиб, вақтинча таъмирланган эди.

Чегарадаги қуролли можаро

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз  қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувда камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.

Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томонига қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сом моддий зарар етган.

Садир Жапаров 20-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томонининг ўтган йиллар ва кечаги кунларда қилган ноқонуний  ҳужумларига оид ҳужжатлаштирилган далиллар мавжуд» деган.

Тожикистон томони ҳам воқеани тажовуз деб атади ва можаронинг авж олишида Қирғизистонни айблади. Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Президент Садир Жапаровга жавоб қайтарди ва «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлганини» айтган.