Ҳуқуқ ҳимоячиси: Россияда муҳожирларни алдаб, ҳарбий шартнома имзолайдилар

285

Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари Москвадаги «Сахарово»  миграция марказида ҳарбий хизмат шартномасига алдаб имзо қўйдирмоқда деди ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик. Бу ҳақда у Россиянинг «Дождь» телеканали эфирида айтди.

«[Мигрантларга] 30 бетлик ҳужжатлар тўплами берилади, ўртада эса шартнома [ҳарбий хизмат] ҳақида бир саҳифалик келишувни солиб қўйишмоқда. Мигрантлар алданмоқда, босим ўтказишмоқда, улар бошқа ҳужжатлар қаторида шахсий маълумотларини қайта ишлашга розилик бериш, ихтиёрий тиббий суғурта полиси ва ихтиёрий ҳарбий хизматни ўташ шартномасини имзолашмоқда. Ҳатто рус тилини биладиганлар ҳам шундай қилишяпти», — дейди Чупик.

Шунингдек, Россия ҳукуматининг ҳарбий хизматга келган муҳожирларга фуқаролик соддалаштирилган тартибда берилиши ҳақидаги ваъдасини «катта ёлғон» деб атади.

«Аслида, Россия армиясига ёзилганлар фуқароликни олмайдилар, чунки бу [олиш учун] асос ҳисобланмайди. Бу фуқароликни олиш учун фақат аризаларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштиради, агар унда бошқа асослар мавжуд бўлса. Шунинг учун мигрантлар ҳарбий хизматни ўтаса, Россия фуқаролигини оламан, деб алданишмоқда», —дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Унинг сўзларига кўра, муҳожирларни «аҳмоқ деб ўйламаслик» керак, чунки уларнинг аксарияти Россия армиясига қўшилишдан бош тортмоқда.

20 сентябрь куни Москва мэри Сергей Собянин «Сахарово» миграция марказида «хорижий фуқароларни ҳарбий хизматга қабул қилишга ёрдам берадиган Россия  Мудофаа вазирлигининг тўлиқ инфратузилмаси»  очилганини маълум қилди.

Бу Давлат дума бир йил шартнома асосда Россия армиясида хизмат қилган хорижликларнинг Россия фуқаролигини қабул қилиш тартибини соддалаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилганидан кейин  бўлди. Бундай ҳолда, кўрсатилган қонунга мувофиқ, яшаш учун рухсатнома ҳужжати талаб қилинмайди.

Россия Украинага 24-февралда тўлиқ миқёсда бостириб кирди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, ўшандан бери федерал армия 6000 одамга етмаган йўқотишга учраган. Украина Мудофаа вазирлиги бу рақам 10 баравар кўп эканлигини маълум қилди. Бироқ, «Медиазона» ва ББC рус хизмати журналистлари 25-сентябрь куни ҳалок бўлганлар сони камида 6 756 кишини ташкил қилганини аниқлади. Уларнинг аксарияти Доғистон, Бурятия ва Краснодардан борганлардир.

21 сентябрь куни Россияда Украина билан жанг қилаётган бўлинмалар шахсий таркибини тўлдириш учун «қисман сафарбарлик» эълон қилинди. Ҳукумат қисман сафарбарликка захирадаги 300 мингга яқин киши чақирилишини маълум қилди. Бироқ, Meduza нашрининг ёзишича, Россия 1,2 миллион кишини сафарбар қилмоқчи. Бироқ, Россия ҳукумати бу режани рад этди.

Ҳозирда Россия армияси сафларида жанг қилиб, Украинада  ҳалок бўлган камида 10 нафар қирғизистонлик ҳақида маълумотлар маълум.