Депутат Адахан Мадумаров «МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев парламентга икки қути автомат олиб келди ган» деб танқид қилди. Бу ҳақда у Жогорку Кенешнинг 28-сентябрь кунидаги йиғилишида маълум қилди.
Мадумаров буни «ўта ваҳшийлик» деб атади, депутатлар ҳар бир ҳаракатнинг қонунийлигини баҳолаши кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
«Нафақат мамлакатдаги, балки Жогорку Кенешдаги вазият осон эмас. Хавфсизлик хизмати раҳбари (Камчибек Ташиев – таҳр.) икки қути автомат кўтариб парламентга кириб келгани ниҳоятда ваҳшийлик. Биз қонун чиқарувчи орган сифатида ҳар бир ҳаракатнинг қонунийлигини баҳолашимиз керак. Агар бунга баҳо бера олмасак, унда Жогорку Кенеш ўз ишини бажара олмаганини билишимиз керак», — деди Мадумаров.
МХДҚ матбуот хизмати ва Камчибек Ташиевнинг ўзи депутатнинг гапларига ҳозирча изоҳ бермади.
«Азаттык» эса ишончли манбаларга таяниб, воқеа 22 сентябрь куни содир бўлганини ёзди. Ўша куни парламент Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув масаласини ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқди.
«Унда Ташиев чегара туфайли танқид қилганларни Боткенга таклиф қилгани, депутатларга қурол тарқатилгани, йиғилишда баҳс ҳам бўлгани» айтилган.
«Спикер Талант Мамитов ўз лавозимини вақтинча вице-спикер Жамиля Исаевага ўтказишини маълум қилди ва раис бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Боткенга жўнаб кетди. Парламент матбуот хизмати Мамитов ўз лавозимига шу ҳафта қайтганини маълум қилди», — деб ёзди «Азаттык».
22 сентябрь куни Жогорку Кенеш депутатлари камуфляж ва спорт формаларида автобусда Боткен вилоятига йўл олгани маълум бўлган. Бундай қарор ёпиқ йиғилишда қабул қилингани айтилган.
Қуролли можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16 сентябрда эса вазият ёмонлашди. Қирғизистон расмийлари Тожикистон томонини «тажовузкорлик» ва «ҳарбий ҳужум»да айблади. Тожикистон томони эса «эскалация»да Қирғизистонни айблади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, жанжалдан жабрланган қирғизистонликлар сони 198ни ташкил қилди. Шунингдек қуролли тўқнашувдан 62 қирғизистонлик ҳалок бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томони қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сомлик моддий зарар кўрган.