«Биз тожик чегарачилари билан урушганимиз йўқ». Ташиевнинг баёноти Жапаровнинг позициясига зидми?

247

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев 26 сентябрь куни бир қанча муҳим баёнотлар билан чиқди. Улардан бири қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода қирғиз аскарлари кимлар билан жанг қилганига боғлиқ эди.

«Турли ахборот манбаларидан бизга маълум бўлгандай, чегарамиздан турли одамлар ўтган. Шу билан бирга, биз [Тожикистон] доимий армияси ёки чегара қўшинлари билан жанг қилмадик, ҳимоя қилиб ёки тўқнаш келмадик. Биз бошқа одамлар, бегоналар билан урушдик. Уларнинг кимлигини айта олмайман, лекин улар чегарачиларимизга жуда қўпол муносабатда бўлган жангарилар десак бўлади, биз томондан чегарачиларгина бўлди», — деган Ташиев.

МХДҚ раисининг баёноти Президент Садир Жапаровнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги сўзлари билан тўғри келмайди. Давлат раҳбари унда 14-17 сентябрь кунлари Тожикистон томони «илгари эришилган келишувларни бузган ва қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегаравий ва фуқаролик объектларига ҳужум қилгани»ни айтди.

«Тожикистонга томоннинг сабабсиз бундай қуролли тажовузли юзиқоралик акциялари бизни жуда ҳафсаламизни пир қилмоқда, чунки мамлакатларимиз ўртасида халқаро шартномалар ва мажбуриятлар тузилган эди», — деган Жапаров.

26 сентябрь куни эса Боткен вилояти мудофааси пайтида ҳалок бўлган ҳарбийлар учун ўтказилган митинг-реквиемда Жапаров Тожикистон томонини Қирғизистонга яна бар марта ҳужум қилишда айблаган.

« Асрлар давомида қўшни бўлиб яшаб келаётган тожик халқининг бошида турганлар чегара масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига, олдиндан провокацион режа тузиб, бир вақтнинг ўзида турли жойдан ҳужум қилиб, муаммони босқинчилик йўли билан ҳал қилиб,  ерларини босиб оламиз деган ёмон фикрлари билан Қирғизистонга ҳужум қилишди», —деган у.

Бироқ президент маъмуриятидагилар Ташиевнинг баёнотида Жапаровнинг позициясига зид келадиган ҳеч нарса йўқ деб ҳисоблашади.

«МХДҚ Чегара хизмати 14-сентябрь куни “отишмада Тожикистон томонида қора кийимдаги, соқол қўйган, ҳеч қандай фарқлаш белгиси бўлмаган, ҳеч қаерга қарамасдан оддий аҳолига, инфратузилма объектларига, уй-жойлар  ва фуқароларнинг бошқа мулкларига қарата ўқ узган шахслар кузатилгани” ҳақида хабар берган. [Ташиевнинг баёнотида] бу нарсалар, номаълум формадаги, ҳеч қандай фарқлаш белгиси бўлмаган шахслар кузатилгани ҳақида сўз бўлган», — дея изоҳ берди президент матбуот хизматидан.

Чегарадаги қуролли можаро

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20 сентябрь куни берган маълумотларига кўра, камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.

Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томони қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сомлик моддий зарар кўрган.

Садир Жапаров 20-сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида Қирғизистонда «Тожикистон томони сўнгги йиллар ва кунлардаги ноқонуний хатти-ҳаракатларни ҳужжатли далиллари бор»лигини таъкидлаган.

Тожик томони можаронинг кучайишида Қирғизистонни айблаб, «қирғиз-тожик чегарасининг барча участкаларида ўқни биринчи бўлиб қирғиз томони чиқарган» демоқда. Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида президент Садир Жапаровга жавоб қайтариб, «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлган»ини айтган.