Бирлашган мухолифат Камчибек Ташиевнинг истеъфосини талаб қилди

274

Бирлашган Демократик Ҳаракат (БДҲ) аъзолари президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевни лавозимидан четлаштириш ва жавобгарликка тортишни талаб қилди. Бу ҳақда  Бирлашган мухолифат вакилларидан бири Равшан Жээнбеков «Клооп»га маълум қилди.

Баёнотда Ташиевнинг қирғиз-тожик чегарасидаги тўртта чегара постини олиб ташлаш ҳақидаги қарори боткенликларни «ҳимоясиз» қолдирди дейилади.

БДҲ МХДҚ  раҳбари республикани оғир аҳволга солиб қўйди,  ва «лаёқатсиз» қарорлар туфайли миллий манфаатлар ҳимоясини таъминлай олмади деб таъкидлади.

Шунингдек улар Тожикистон икки йил ичида Қирғизистонга икки марта ҳужум қилгани, бу ҳақда президентнинг ўзи ҳам  БМТ форумида гапириб, қўшни давлатни «тажовузкор» деб атаганини эслатишди.

Ташкилот Ташиев қабул қилиб имзолаган қарор ва ҳужжатлар Жапаровнинг БМТдаги позициясига зид, деб ҳисоблайди.

«Камчибек Ташиевнинг бошқа ҳокимият бўғинлари билан келишиб олинмаган, беадаб баёнотлари, айёр гаплари ва яширин ҳаракатлари натижасида 100 га яқин навқирон ўғил-қизларимиздан ҳамда аскарларимиздан ажраб, минглаб одамлар жабр кўрди. Юз минглаб фуқароларимиз қочқинга айланди, минглаб одамлар  уй-жойидан айрилди. Ўнлаб ҳукумат бинолари, мактаблар, болалар боғчалари, савдо марказлари ёниб вайрон бўлди», —дейилади хабарда.

Бирлашган мухолифат Қирғизистон мустақилликка эришган 30 йил ичида ҳозиргидек қийин вазиятга дуч келмаганини таъкидлади. Бу ердан Ташиевнинг лавозимидан олинишини нафақат ташкилот аъзолари, балки кўплаб қирғизистонликлар ҳам талаб қилаётганини қўшимча қилди. 25-сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегарадаги можаро ва унинг оқибатларини тугатиш тўғрисида протокол имзоланган эди.

Ташиев томонлар доимо чегарадаги можароларга сабаб бўлган чегара постларини олишганини айтган .

Қирғизистон томонидан: «Тамдиқ» заставаси ва «Булоқ-Боши», «Катта-Туз» ва «Дача» постлари. Тожикистон томондан: «Бедак» заставаси ва «Кеҳ», «Қорақчиқум» ва «Шаршене» постлари олинди.

Кейинроқ МХДҚ матбуот хизмати қабул қилинган протокол вақтинчалик эканлигини, қирғиз-тожик чегарасида демаркация ва делимитация жараёнлари тўлиқ якунланганидан кейин кучга киришини тушунтирди. Баённомада қайд этилган участкаларда эса, қўмита таъкидлаганидек, икки давлатнинг мобил чегара отрядлари қўриқлаш ишларини олиб бормоқда.

Чегарадаги қуролли можаро

14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Отишма содир бўлган ҳудудда яшовчи 140 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бир қанча қирғиз қишлоқларида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20 сентябрь куни берган маълумотларига кўра, камида 62 киши ҳалок бўлган, 198 киши жароҳатланган.

Тожикистон ТИВнинг дастлабки маълумотларига кўра, можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томони қуролли тўқнашув вақтида тахминан 1,5 миллиард сомлик моддий зарар кўрган.

Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида Тожикистон томони «сўнгги йиллар ва кунлардаги ноқонуний хатти-ҳаракатларни ҳужжатли далиллари бор»лигини таъкидлаган.

Тожик томони можаронинг кучайишида Қирғизистонни айблаб, «қирғиз-тожик чегарасининг барча участкаларида ўқни биринчи бўлиб қирғиз томони чиқарган» демоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида президент Садир Жапаровга жавоб қайтариб, «тажовуз Қирғизистон томонидан бўлган»ини айтган.