Қирғизистон ТИВ: Кейинги кескин вазият учун фақат Тожикистон жавобгар бўлади

264

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ)  расмий сайтида Тожикистон ТИВнинг 24-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги баёнотига жавоб берди.

«Тожикистон томони баёнотда ҳаммасини ўзига мослаб кўрсатган. Тожикистон мамлакатимизга қарши қуролли тажовузни тан олмаслиги аллақачон аён бўлган эди,  айбни бизга ағдаришга уринмоқда», — деди Қирғизистон ТИВ.

ТИВ жорий йилнинг 14-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган можаро —Тожикистоннинг Қирғизистонга нисбатан олдиндан режалаштирилган ҳарбий агрессияси эканлигини таъкидлади.

«Тожикистоннинг Қирғизистон манзилига қўяётган асоссиз айбловлари – бу масъулият ва айбни Қирғизистон зиммасига юклашга уринишдир. Тожикистон томони Қирғизистоннинг мудофаа саъй-ҳаракатларини дискредитация қилиш  мақсадида халқаро ҳамжамият олдида ёлғон маълумот тарқатиш кампаниясини  ўтказа бошлади. Қирғизистонда тожик аскарлари томонидан Қирғизистон ҳудудида содир этилган жиноятлар ва босқинчиликнинг барча далиллари (сурат ва видеолар) мавжуд», — дейди ТИВ.

ТИВ маълумотларига кўра, Қирғизистон Тожикистон ерларининг бир қисмини босиб олгани ҳақидаги маълумот —дезинформациянинг бир қисмидир. ТИВ Қирғизистон аскарлари ва ҳарбий техникаларини аҳоли гавжум ҳудудларда яшираётгани ҳақидаги баёноти фақат чалғитишга қаратилганини билдирди.

«Шу билан бирга чегарадаги бундан кейинги кескинлик учун жавобгарлик фақат Тожикистон елкасида бўлади. Тожикистоннинг иккинчи марта  тажовузига қарамай, Қирғизистон барча чегара ва ички масалаларни фақат музокаралар йўли билан ҳал қилиш керак, деб ҳисоблайди, Қирғизистон томонида шундай тайёрлик ва ирода бор», —  дея якунланади ТИВ баёнотида.

Тожикистон нима деган эди?

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг айни ташкилотдаги баёнотига жавоб қайтарди.

Тожикистон ТИВ раҳбари Садир Жапаров ўз чиқишида фақат қирғизлар ҳалок бўлганини, қуролли тўқнашув оқибатлари фақат Қирғизистонга таъсир қилгани «нотўғри таассурот уйғотган»  айтди. У ҳарбий тажовузни Қирғизистон амалга оширди деган.

«Қирғизистон эришилган келишувлардан четга чиқиб, ўз аскарлари ва оғир ҳарбий техникасини чегарадаги аҳоли пунктларига яшириб,  уларни олиб чиқиб кетганмиз деб нотўғри тасаввур уйғотаётгани афсусланарли. Шунинг учун тожик-қирғиз чегарасида кейинги таранглик учун жавобгарлик тўлиқ Қирғизистон елкасида бўлади», — деди Тожикистон томони.