Болот Темиров қирғизистонликлардан «ҳукуматнинг ўзбошимчалигига» қарши курашда қўллаб-қувватлашни сўради.

238

Свердлов туман суди 28 сентябрь куни терговчи журналист Болот Темиров иши бўйича ҳукм чиқариши керак. Бу ҳақда у Temirov Live ютуб каналида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, шу куни у сўнгги сўзларини айтади. Журналист қирғизистонликлардан «ҳукуматнинг ўзбошимчалиги»га қарши курашда ёрдам сўради.

У фақат фуқароларнинг қўллаб-қувватлагани учун суд ҳукм чиқаришни кечиктираётганини таъкидлади.

«Бу шунчаки ҳукм эмас, балки ҳокимият ва уларнинг ҳамкорлари менга ва жамоамга қарши кўрсатаётган ноқонуний ишларининг ғалабаси бўлишини ҳамма яхши тушуниб турибди. Демак, қўлида ҳокимият бўлганлар хоҳлаган одамни шантаж қилиб, қамаб қўйиши мумкин деганни билдира бошлайди. Мен билан содир бўлган ҳамма нарса ҳар бир қирғизистонликнинг бошига тушиши мумкин», — деди у.

Темиров «ҳукуматнинг ўзбошимчалиги» учун қурилган тизимга қарши курашишини қўшимча қилди.

Болот Темировга нисбатан жиноий ишлар

20 январ куни Temirov Live давлат корхонаси орқали мазут сотиб 30 миллион сомдан ортиқ фойда кўрган МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг яқинлари устидан тергов бошланганини маълум қилган.

Икки кундан кейин, 22 январь куни милиция Temirov Live асосчиси Болот Темиров ва унинг ҳамкасби, тўкма оқин Болот Назаровни ҳибсга олди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Темиров ва унинг жамоасига туҳмат қилувчи видеолар тарқала бошлади. Кейинроқ Темировга нисбатан яна учта жиноий иш қўзғатилган.

Темиров бу жиноий ишларни бир гуруҳ журналистлар МХДҚ раиси Камчибек Ташиев оиласининг «ишлари»ни ошкор қилгани учун тазйиқ қатори баҳолаган. Адвокатлар журналистга қарши жиноий иш қўзғатилишини «бутунлай абсурд» деб атади.

Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR), Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (HFHR) ва Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари (CRD) расмийларни суриштирувчи журналист Болот Темировга қўйилган айбловларни олиб ташлашга чақирган эди.

Ташкилот аъзолари Темировга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар «сиёсий хусусиятга эга» ва «ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупцияни тергов қилиш учун қасос олиши аниқ» деб билдиришган.