Медиа ҳамжамияти Болот Темировга нисбатан таъқибларни тўхтатишни талаб қилди

291

Журналист ва фаолларнинг гуруҳи суриштирувчи журналист Болот Темировнинг ҳаракатларида ҳеч қандай жиноят йўқлиги сабабли журналистга нисбатан барча айбловлар бўйича оқланишини талаб қилишди. Уларнинг очиқ мурожаатини «Институт Медиа Полиси» ташкилоти тарқатди.

Унда муаллифлар Россияда эълон қилинган қисман сафарбарликни ҳисобга олганда, Болот Темировнинг ҳаётидан «қаттиқ хавотирда эканликларини» қайд этишган. Аввалроқ давлат айбловчиси Болот Темировни беш йилга озодликдан маҳрум қилиб, мамлакатдан чиқариб юборишни сўраганди.

Мурожаат муаллифлари суд бу талабни қондириб, Темировни Россияга экстрадиция қилиши мумкин дейишади.

«ОАВ ҳамжамияти бошиданоқ Болот Темировнинг жиноий жавобгарликка тортилишини бевосита унинг касбий фаолияти билан боғлаб, буни Конституция ва Қирғизистон ўзи аъзоси ҳисобланган халқаро шартномалари билан кафолатланган сўз ва мустақил матбуот эркинлигига босим сифатида баҳолади. Бу борада Президент Садир Жапаровнинг БМТ Бош Ассамблеясида Қирғизистон  “БМТ Низомига изчил ва қатъий риоя қилиб, ўз бурчларини виждонан бажариб келмоқда”, деган сўзларини эсга  олмаса бўлмас», — дейилади мурожаатда.

28-сентябрь куни суд мажлиси бўлиб ўтади, унда Темировга сўнгги сўз берилиб, суд ҳукми чиқарилиши мумкин.

Ҳозирда Темировга нисбатан тўртта жиноий иш қўзғатилган - паспорт ва ҳарбий гувоҳномани ноқонуний равишда олиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва гиёҳванд моддаларни тайёрлаш.

Болот Темировга нисбатан жиноий иш

20 январ куни Temirov Live давлат корхонаси орқали мазут сотиб 30 миллион сомдан ортиқ фойда кўрган МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг яқинлари устидан тергов бошланганини маълум қилган.

Икки кундан кейин, 22 январь куни милиция Temirov Live асосчиси Болот Темиров ва унинг ҳамкасби, тўкма оқин Болот Назаровни ҳибсга олди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Темиров ва унинг жамоасига туҳмат қилувчи видеолар тарқала бошлади. Кейинроқ Темировга нисбатан яна учта жиноий иш қўзғатилган.

Темиров бу жиноий ишларни бир гуруҳ журналистлар МХДҚ раиси Камчибек Ташиев оиласининг «ишлари»ни ошкор қилгани учун тазйиқ қатори баҳолаган. Адвокатлар журналистга қарши жиноий иш қўзғатилишини «бутунлай абсурд» деб атади.

Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR), Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (HFHR) ва Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари (CRD) расмийларни суриштирувчи журналист Болот Темировга қўйилган айбловларни олиб ташлашга чақирган эди.

Ташкилот аъзолари Темировга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар «сиёсий хусусиятга эга» ва «ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупцияни тергов қилиш учун қасос олиши аниқ» деб билдиришган.