Дастлабки маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувда етказилган зарар миқдори —1,5 миллиард сом

262

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув туфайли Қирғизистонга етказилган моддий зарар тахминан 1,5 миллиард сом деб ҳисобланди. Бу ҳақда 19-сентябрь куни Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов маълум қилди.

У  жабрланган қишлоқларда давлат комиссияси иш олиб бориб, зарарни ҳисоблаб чиқаётганини билдирди.

« [1,5 миллиард сом] ошиши эҳтимоли бор [...] Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Тожикистон томонининг провокацияси туфайли бундай йўқотиш юзага келган»— деди Иманкулов.

ФВВ маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар натижасида Боткен туманида 282 та турар-жой, 9 та автомобил, 9 та ижтимоий объект, 300 га яқин хўжалик иншоотлари, маиший хизмат кўрсатиш ва  стратегик объектлар зарар кўрган ва ёниб кетган.

Бир кун аввал президент Садир Жапаров Боткен ва Ўш вилоятларини тиклаш ва ривожлантириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Унда Вазирлар Маҳкамасига жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, вайрон бўлган объектларни тиклаш бўйича топшириқ берилди.

Боткен вилояти Арка қишлоғи, ёнган объект. Сурат: А.А 24.kg.

Чегарадага қуролли тўқнашув

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма 14-сентябрь куни бошланган. 16-сентябрда эса кескинлашди. Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва Тожикистон томонидан қилинган ҳужум деб атади. Тожикистон томони эса, ўз навбатида, Қирғизистонни «можароларни авж олдиришда ва қуролли тажовузда» айблади.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 19-сентябрда берган маълумотига кўра, 59 нафар одам ҳалок бўлиб, 160дан ортиғи жабрланганини хабар қилди.

Қирғизистон ФВВ Боткен вилоятининг бир неча қишлоқларидан 130 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинганини, Ўш вилоятининг Чон-Олай туманидан эса 5301 киши хавфсиз жойга кўчирилганини маълум қилди. Боткен вилоятига 209 тонна инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, тожик томонида 41 киши ҳалок бўлган, камида 28 киши жароҳатланган.