ҚР Чегара хизмати: Тожикистон томони иккита қирғиз мактабини босиб олган

253

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро чоғида Қирғизистондаги икки  мактаб қўлга олинган. Бу ҳақда «Клооп»га Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаева маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бир киши бино томига Тожикистон байроғини ўрнатаётгани акс этган видео тарқалган эди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари видеодаги мактаб Тожикистоннинг Ворух анклави билан чегарадош Қирғизистоннинг Оқ-Сай қишлоғидаги мактаб эканлигини тахмин қилишган.

«Клооп» бу маълумотни текшириб, айтилган бино ҳақиқатан ҳам Оқ-Сай қишлоғидаги мактаб эканлигини аниқлади, видеода мактаб номини кўриш мумкин.

Эълон қилинган видеолавҳада мактаб кираверишидаги илинган тахтада «Б.Ходжаев номидаги» деб ёзилганини кўриш мумкин. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур мактаб Боткен вилояти Боткен туманидаги Оқ-Сай қишлоғида рўйхатга олинган. Чегара хизмати видеодаги бино Достук қишлоғидаги мактаб эканлигини аниқлади. Бироқ 19-сентябрь куни муассаса мазкур мактаб Оқ-Сай қишлоғига қарашли эканини тан олди.

«Видеода бу ҳақиқатан ҳам Оқ-Сайдаги мактаб экан. Аммо ўша куни (16-сентябрь) ўша мактаб Оқ-Сайдами ёки йўқлигини тасдиқлай олмадик, чунки тўқнашувлар бўлган. Шунинг учун фақат тасдиқланган маълумотларни  [Достук қишлоғидаги мактабнинг эгаллангани ҳақида] бердик. Кейинроқ тожик томони ҳар икки қишлоқ мактабларини босиб олгани аниқ бўлди», — деб тушунтирди Борубаева.

Дастлабки маълумотларга кўра, Боткен туманида саккизта мактаб ва битта болалар боғчаси шикастланган.

Бўрубоеванинг сўзларига кўра, Тожикистон томони Дўстуқ қишлоғида тахминан бир ярим кун бўлган.

«Улар бир кундан ортиқ ўша ерда қолиб, кейин кетишди. Улар чегарачилар эмас эдилар. Эҳтимол, орасида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бўлгандир, лекин асосан доимий ҳарбий тузилмага алоқаси бўлмаган қора формадаги қуролли шахслар эди. Бошқача айтганда, улар ҳарбий хизматчилар эмас, шунчаки қўлларида қурол бўлган одамлар эди», — деди матбуот котиби.

Бўрубаева Тожикистон томонига можарода жангарилар иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар юборилганини қўшимча қилди.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-сентябрь куни бошланган қуролли тўқнашувда ҳалок бўлган Қирғизистон фуқаролари сони 59 нафарга етди.

Жароҳатланганлар сони эса 19-сентябрь ҳолатига кўра 163 нафарни ташкил қилган.

Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва Тожикистон томонидан қилинган ҳужум деб атади. Тожикистон томони эса, ўз навбатида, Қирғизистонни «можароларни авж олдиришда ва қуролли тажовузда» айблади.

ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, Боткен вилоятининг хавфли ҳудудларидан 136 мингдан ортиқ, Ўш вилоятидан эса 5301 киши эвакуация қилинган.

Қирғизистонда 19-сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинган.