Боткенда бедарак бўлаётган тўрт нафар шахс топилиб, шаҳарга олиб келинди

313

Боткен вилоятида қуролли тўқнашув вақтида бедарак йўқолган тўрт киши топилди. Бу ҳақда 19-сентябрь куни ФВВ хабар берди.

Маълумотларга кўра, улар Боткен туманининг чегарага туташ Оқ-Сай қишлоғи аҳолиси бўлган. Можаро бошланганда улар тоғ томонга қочиб, ўша ерда яширинган.

ФВВ оқсойликлар вертолётда Боткен шаҳрига олиб келингани қайд этди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-сентябрь куни бошланган қуролли тўқнашувда ҳалок бўлган Қирғизистон фуқаролари сони 59 нафарга етди.

Жароҳатланганлар сони 19-сентябрь ҳолатига кўра, 163 нафарни ташкил қилган.

Қирғизистон ҳукумати бу ҳодисани тажовуз ва Тожикистон томонидан қилинган ҳужум деб атади. Тожикистон томони эса, ўз навбатида, Қирғизистонни «можароларни авж олдиришда ва қуролли тажовуз»да айбламоқда.

ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, Боткен вилоятининг хавфли ҳудудларидан 136 мингдан ортиқ, Ўш вилоятидан эса 5 301 киши эвакуация қилинган.

Қирғизистонда 19-сентябрь —  миллий мотам куни деб эълон қилинди.