Жапаров Боткен, Ўш вилоятларини тиклаш ва ривожлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади

Президент Садир Жапаров Боткен ва Ўш вилоятларини тиклаш ва ривожлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда президент маъмурияти маълум қилди.

Матбуот хизмати хабар қилишича, президент Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасидаги можаро оқибатида етказилган жами зарарни ҳисоблаб чиқиш ва уларни тўлиқ қоплаш учун комиссия тузишни топширган. Мазкур комиссия чегарадаги можарода ҳалок бўлганлар, бедарак йўқолганлар ва жисмоний жароҳатланганлар рўйхатини тузиши керак.

Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни топширди:

  • қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ва жабрланган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқиш;
  • жабрланган фуқароларни кейинчалик янги турар-жойлар қурилишини таъминлаш билан вақтинчалик уй-жой билан таъминлаш, шунингдек уларнинг уй-жойларини реконструкция қилишда иштирок этган шахсларга қилган меҳнати учун ҳақ тўлаш;
  • асосий озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармонлар, нефт маҳсулотлари, сув ва энергия манбалари билан мунтазам таъминлаш;
  • вайрон бўлган чегара ўтказиш бекатлари ва пунктларини, куч тузилмалари объектларини ва ижтимоий объектларни тезкорлик билан тиклаш чораларини кўриш;
  • зарарларни қоплаш ва жабрланувчиларга ёрдам бериш тадбирларини молиялаштириш учун маблағ топиш;
  • чегаранинг қирғиз-тожик участкасида жойлашган чегарага яқин аҳоли пунктларида ўз фаолиятини амалга оширувчи субъектлар учун (ёнилғи-мойловчи материалларни сотувчилардан ва кон қазиш ишларидан ташқари) 2024-йил 1-январгача бўлган муддат учун солиқлар (ҚҚСдан ташқари) тўлашдан нол (0) фоиз миқдорда ставкани белгилашни;
  • аҳоли пунктларида фаолият юритувчи юридик шахсларни 2024-йил 1-январга қадар суғурта бадалларини тўлашдан озод қилиш топширилди.

Жапаров, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига Боткен вилоятини молиялаштиришни ошириш масаласини кўриб чиқишни топширди.

Фармонга кўра, давлат органлари жабрланган фуқароларга қуйидаги ёрдамни бепул кўрсатиши шарт:

  • ижтимоий тўловларни (пенсиялар, нафақалар, пул компенсациялари) тайинлаш учун зарур ҳужжатлар;
  • объектларни лойиҳалаш, тиклаш ва қуриш масалаларини тезкор ҳал қилиш учун ахборот материаллари, схемалар, хариталар, режалар, муҳандислик-геологик маълумотлар;
  • архитектура-режалаштириш шартлари, техник назорат, лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси бўйича хизматлар.

Мамлакат раҳбари Соғлиқни сақлаш вазирлигига стационар тиббиёт ташкилотларида бирламчи ва такрорий даволаниш вақтида жабрланган фуқароларни бир йил муддатда тўловдан озод қилиш, уларга маслаҳат ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги жабрланган фуқароларнинг болаларини болалар оромгоҳлари ва пансионатларга юбориш орқали реабилитация қилишни ташкил этиш вазифаси юклатилди. Вазирлик, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда объектларни тиклаш ва қуриш учун ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш орқали ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиши лозим.