Номаълум шахслар «Клооп» офисини кузатишган, улардан бири милиция кийимида бўлган

331

Бишкекда 12 сентябрда номаълум шахслар «Клооп» идорасида айғоқчилик қилди.

Журналистлар дастлаб милиция формасини кийиб, капитан погон тақиб олган шахс идора эшигига келиб, суратга олиб кетганини кузатишган.

Видео назорат камераларидан таҳририят идорасига оқ рангдаги машина тўхтаб, милиция формасини кийган шахс тушганини кўриш мумкин. У зина орқали кўтарилиб, телефонини олиб чиқиб, шундан сўнг идора эшигини суратга олган.

Ўша вақтда эшикда офис ходими турган, у милиция ходимидан нима учун келганини, нима учун суратга олаётганини сўраган. Аммо у саволларга жавоб бермаган.

Таҳририят қоравули эшикка чиққанда милиция ходими ундан қайси назорат агентлигида ишлашини сўраб, агентлик таблицасида кўрсатилган рақамга қўнғироқ қила бошлаган. Қўнғироқ қилиб туша олмаганидан сўнг милиция ходими давлат рақами 01 KG 633 AAX деб кўрсатилган оқ рангдаги Honda Stream машинасига ўтириб кетган.

Орадан ярим соат ўтганидан кейин идора олдига давлат рақами S 5804 AZ деб кўрсатилган қора рангдаги Honda Avancier машинаси келиб тўхтаган.

«Клооп» ходимлари уни бошқарган шахс ҳам тахминан идора ташқарисидан бир неча марта суратга олиб кетганини кузатишган.

Машиналарни Carcheck сервиси орқали текшириб, икки машина ҳам йўл ҳаракати қоидасини бузганини кўрдик.

Милиция формасини кийган шахс эса нима учун келганини, идорани суратга олиб кетганининг сабабини билиш учун ИИВга ва Бишкек шаҳар ИИБга мурожаат қилдик. Ҳозирча мазкур икки маҳкама таҳририятга изоҳ бермади.

«Клооп» журналистлари аввал ҳам бир неча марта таҳдидга учраган. Масалан, 2022 йили қишда «Клооп» идораси олдида мустақил медиаларга, «Клооп», «Азаттык» ва Kaktus.Media'га қарши митинг ўтган.

Февраль ва апрель ойларида номаълум шахслар «Клооп»да ишлаган бир қатор журналистларнинг месенжердаги аккаунтларини бузиб киришга ҳаракат қилишган. Ўшанда ҳам ушбу ҳаракатлар муваффақиятли амалга ошмаган.

Бундан ташқари, мустақил журналист Болот Темиров ва унинг Temirov Live жамоаси ҳам қувғинга учраган. МХДҚ бошлиғи Камчибек Ташиевнинг қариндошлари ҳақида суриштирувлардан кейин журналистга нисбатан тўрт жиноят иши қўзғалган.

Темиров бу жиноят ишлари МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг оиласининг «иш»ларини ошкор қилаётгани учун таъқиб қилинмоқда деган.

Аммо терговнинг ҳужжатлари билан танишиб чиққан «Клооп» ва OCCRP'нинг мухбирлари Темировга нисбатан таъқиб юқори томондан, МХДҚ етакчилигида уюштирилган деган хулосага келишган.