Тадбиркор Журат Абдуллаевдан топилган 800 млн сом ва қурол-яроғлар мамлакат ҳисобига ўтди

Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Умут ва Ко» ишхонаси асосчиларидан бири Журат Абдуллаевни «Қурол-яроғ ва ўқ-дориларни ноқонуний айлантириш» моддаси бўйича айбдор деб топди. Бу ҳақда МХДҚнинг матбуот хизматидан хабар қилишди.

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, айбланувчи айбини тан олган. Суд ундан 100 минг сом жарима ундирган.

Бундан ташқари, Абдуллаевдан 800 млн сом, шунингдек турли қурол-яроғ, ўқ-дори ҳамда ҳарбий техникалар олинган.

«Терговнинг ва суд натижаси билан олинган қурол-яроғлар ва техникалар ИИВнинг ҳисобига ўтказиб берилди ҳамда 800 млн сомдан ортиқ миқдордаги пуллар тўлиғи билан республика бюджетига ўтказилди», — деб таъкидлашди МХДҚдан.

Абдуллаевнинг қўлга олиниши

Журат Абдуллаев ўқ дори, қурол-яроғлар ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлашда гумонланиб 19-августда қўлга олинган.

Тадбиркорнинг уйи ва ишлаган ерида тинтув ўтказилиб, катта сондаги қурол-яроғ, портловчи моддалар, шунингдек пулемёти бор зирхли машина топилган.

Кейинчалик МХДҚнинг матбуот хизмати тадбиркорнинг иш кабинетида ўтказилган тинтувнинг видеосини тарқатган.

МХДҚдан Абдуллаевнинг иш кабинетидан турли калибрдаги қурол-яроғлар ва вазни 2,03 граммни ташкил қилган гиёҳванд модда ҳам топилганини билдиришган. Шунингдек 822 миллион сом олинган.