Курманкул Зулушев Бакиев ҳақида: Иродаси етса келиб кўрсатма берсин

309

Бош прокурор Курманкул Зулушев 10 сентябрда Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашувда собиқ президент Курманбек Бакиев ҳақида фикрини билдирди.

Учрашувда аҳолидан бири Зулушевнинг Бакиев бўйича позициясига қизиқди. Турғун собиқ президент сўнги интервьюларида айби йўқлигини, Қирғизистон терговчиларининг саволларига жавоб беришга тайёр эканини айтганини таъкидлади.

Зулушев аҳоли саволларига Бакиевга нисбатан қўзғалган жиноят ишлари бўйича суд ҳукми борлигини айтиб жавоб берди.

«Курманбек Салиевич ҳақида, жиноят ишлари бўйича суд ҳукми чиққанини биласизлар. Мана биз ҳозиргача [Беларусдан] у давлатдан [экстрадиция бўйича] ҳеч қандай жавоб ололмаяпмиз (Бакиев 2010 йилдаги инқилобдан сўнг Беларусга қочиб, у ерда Қирғизистон ҳукуматидан беркиниб юрибди — таҳр.). Агар келиб, шунга иродаси етиб, очиқ суд қиламан, терговга кўрсатма бераман деса ҳеч ким тўсқинлик қилмайди унга. Келсин, тергов қиламиз, иш бўйича эса ҳукм чиққан», — деди бош прокурор.

Бакиев 2022 йилнинг июль ойида чиққан «Жани Ордо» газетасига берган интервьюсида ўзига нисбатан қўзғалган жиноят ишлари бўйича Қирғизистон томон саволларига жавоб беришга тайёр эканини билдирган.

«Агар суд жараёнини амалдаги ҳукумат қўллаб-қувватласа, рози бўлса, мен бир адвокат ёллайман, Қирғизистондан. Менга қўйилган жиноят ишлари билан танишиб чиқсин. Суд жараёнини очиқ ўтказайлик. Мен бу ердан туриб, видеоалоқа орқали, очиқ суд жараёнини ўтказсин, экранларни хоҳласа кўчага қўйсин, суд ичига қўйсин. Истаган саволларини берсин, мен жавоб берай. Мен оқланишимга 100 фоиз ишонаман», — деган у.

Бакиев бошқаруви

Курманбек Бакиев 2005 йили март инқилобида ўша вақтдаги президент Аскар Акаев тахтдан қулатилганидан сўнг ҳукуматга келган. Бакиев бошқараётган давр сиёсий асосда қотиллик, ўғли Максимнинг рейдерлик саргузаштлари, авторитаризм, журналистларга таҳдид ва ўлдиришлар билан машҳур.

2010 йилнинг 7 апрелида 87 нафар киши ҳалок бўлган халқ инқилоби якунида Бакиев тахтдан қулатилган. Унинг ўрнига ҳукуматга Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат келган. Бакиев эса оиласи билан Белоруссияга қочиб, фуқаролик олган. Ҳозирги кунгача ўша ерда яшайди.

2016 йили суд собиқ президент Курманбек Бакиевни апрель инқилоби бўйича сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум этиб, қидирув эълон қилган. Укаси Жаниш Бакиев сиртдан бутун умрга озодликдан маҳрум этилса, ўғли Максим мулкини мусодара қилиш билан сиртдан 25 йилга кесилган.

Қирғизистон ўн йилдан буён собиқ президентни ва унинг оиласини экстрадиция қилиш ҳаракатини кўриб келади, аммо ҳозирча ундан фойда чиқмади.

2022 йилнинг август ойида Бош прокуратура Беларус ҳукумати Курманбек Бакиевни «сиёсий сабаб билан қувғин қилинмоқда» деб ҳисоблагани учун Қирғизистонга ўтказиб бермаганини билдирган.