Қирғизистонда «яширин» сотилган олтин атрофида можаро чиқди. Деярлик 20 тонна қирғиз олтини 2021-йилнинг баҳорида сотилган, аммо бу ҳозиргина муҳокама қилина бошлади. Бироқ ҳукумат хавфсизлик мақсадида деган баҳона билан олтин кимга, қайси давлатга сотилгани ҳақидаги маълумотни ошкор қилишдан бош тортмоқда.
Нима бўлди?
Ҳукумат 19 тоннадан ортиқ олтинни сотиб олган томон ҳақидаги маълумотни яшириб қўйгани 18-августда маълум бўлди. «Азаттык»нинг журналистлари Миллий статистика қўмитасининг июлда эълон қилинган янгиланган маълумотларига эътибор қаратишган. Унда 2021-йили Қирғизистон ўзи учун рекорд ҳисобланган 24,8 тонна олтин сотгани айтилган.
Тўрт тонна олтин Буюк Британияга, бир тоннаси Швейцарияга сотилган. Маҳсулот кичик партиялар билан Россияга, Хитойга, Италияга ва Туркияга ҳам етказилган.
Аммо асосий қисми — қиймати 1,1 млрд доллар 19,2 тонна олтин, Миллий статистика қўмитасининг маълумотига кўра — «номаълум ўлкага» экспорт қилинган.
Миллий банк олтин «Европа давлатларининг бирига» сотилганини тасдиқлади, президент Садир Жапаров эса маълумот «хавфсизлик мақсадида» ошкор қилинмаслигини билдирди.
Олтин Швейцарияга сотилганми?
Бир неча кундан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Швейцария 2021-йили Қирғизистондан 1,2 миллиард долларлик хом ашё сотиб олгани ҳақида макроиқтисодий маълумотларни акс эттирилган Trading Economics агрегатидан олинган скриншотни бўлиша бошлаган.
«Клооп» Швейцария Қирғизистондан 1 миллиард доллардан ортиқ маблағга олтин сотиб олгани ҳақидаги маълумотнинг тасдиқномасини топди. Швейцариянинг Федерал божхона ва чегара хавфсизлиги, ташқи савдо бошқармасининг маълумотлар базасига кўра, бу давлат 2021-йилнинг апрель ойида Қирғизистондан 1,1 миллиард долларлик 20 тонна олтин сотиб олган.
Федерал божхона ва чегара хавфсизлиги, ташқи савдо бошқармасининг маълумотлар базасига кўра, бу давлат 2021-йилнинг апрелида Қирғизистондан баҳоси 1,1 млрд доллар бўлган 20 тонна олтин сотиб олган.
TradeMap’нинг маълумотига кўра, Швейцария бунгача ҳам Қирғизистондан олтин сотиб олган, аммо ўшанда харидларнинг суммаси 50 млн доллардан 430 млн долларга қадар бўлган. Умумий қилиб айтганда, Швейцария 2018-йилгача қирғиз олтинидан олиб турган бош импортёр бўлган (у қимматбаҳо тошнинг 95%га яқинини импорт қилиб турган).
Кўринишидан, ҳозирда Швейцария аввалги ўрнини қайтараётгандек, чунки 1,2 млрд долларлик олтинни биргина ўлкага сотиш — Қирғизистон тарихидаги энг йирик келишув. TradeMap’да 2002-йилдан кейинги маълумотлар бор — уларга кўра, аввал энг йирик олтин экспорти 2020-йили Буюк Британияга бўлган, унинг миқдори 800 млн доллардан ортиқ маблағни ташкил қилган.
Пул қаерда?
Миллий банкнинг 23-августда эълон қилинган маълумотидан олтинни бош банк ўзи сотгани аниқ бўлди. Бош банкнинг билдирувида олтин «Европа мамлакатларининг бирига етаказилгани» айтилади. Олтин сотишдан олинган валюта Миллий банкнинг ўз ҳисобларигагина тушган.
«Бундан кейин мазкур маблағлар 2021-йил ичида ўлканинг ички валюта бозорида интервенцияларни ўтказишга (735 млн АКШ доллари атрофида), чет ўлка валютасида мамлакатнинг бошқа масъулиятларини ҳамда ташқи қарзни тўлаш бўйича тўловларни юргизишга (200 млн АҚШ доллари атрофида) йўналтирилган», — деб билдиради Миллий банк.
Ушбу маблағлар ҳисобидан Миллий банк халқаро захиралар даражасини ҳам 169,5 миллион долларга кўпайтиргани айтилади — 2 миллиард 977,6 миллион долларгача.
Маълумот нима учун яширилган?
Бу бўйича 27-августда президент Садир Жапаров ҳам изоҳ беришга мажбур бўлди. У «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида 19 тоннадан ортиқ олтинни сотиб олган тараф ҳақида маълуомтларни «хавфсизлик мақсадида» яширишганини билдирди.
У олтинни юклаб, қайси вақтда қайси давлатга, қайси самолёт билан олиб кетилаётгани «ўта маҳфий» жараён эканини таъкидлаган.
«Бу халқдан яшириш учун эмас, хавфсизликни таъминлаш учун яширин бўлади. Тасаввур қилинг, Миллий банк бир миллиард долларнинг олтинини олиб кетаётган бўлса, манзилига етиш учун қанчалаган давлатлар устидан учиб ўтади. Кейин фалон тонна олтинни фалон давлатга, фалон рейс билан олиб кетаяпмиз деб жар солсак, албатта, манзилига етолмай қолиши мумкин», — деган Жапаров.
Унинг айтишича, сотувлар бўйича барча ҳужжатлар архивда сақланиб қолади. Шунингдек у «мамлакатни ҳеч ким алдай олмаслигини», «Қумтўр»дан эса ҳозир «бир килограмм олтин у ёқда турсин, бир грамм олтинни ҳам ҳеч ким ўғирлай олмайди» деб қўшимча қилди.
Муаллифлар: Зулайка Эркимбаева ва Мундузбек Каликов.