Ўш ВИИБи президентга шикоят қилган ходим турмуш ўртоғини калтаклагани учун ишдан олинганини билдирди

287

30-августда Ўш вилояти милициясининг собиқ ходими Чубак Сиргакбек ўғли исмли фуқаро ўзини ноқонуний равишда ишдан бўшатилганини айтиб, президентга мурожаат йўллади.

Бироқ Ўш вилояти Ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати Сиргакбек ўғли «ўз хотини ва уч ёшли ўғлини калтаклагани учун» ишдан четлаштирилганини маълум қилди.

Сиргакбек ўғли ўз видеомурожаатида ички ишлар органларида 11 йил ишлаганини, аммо Женишбек Абитов раҳбар этиб тайинлангач, очиқдан-очиқ босимга учраганини айтган.

«Абитов етакчиликка келгандан кейин ўз манфаатлари учун буйруқ бера бошлади. Мен бу буйруқларга бўйсунмай, қонун доирасида ишлагани учун ёқтиришмайди [...] Абитов мени ҳусусий қабул қилиб, “ишдан бўшатаман, сени йўқ қиламан, агарда ўз ўрнингда ишлашни истасанг, нима қилиш кераклигини ўзинг биласан” деб пулга ишора қилди», – деб билдирган у.

Шунингдек, собиқ милиция ходими Абитов унга шошилинч йиғилишда хайфсан берилиб, кейин эса ноқонуний равишда ишдан бўшатганидан норози бўлган.

Сиргакбек ўғлининг айтишича, у Ўш вилоят ИИБнинг унга қарши қароридан шикоят қилиб шаҳар судига мурожаат қилган.

«2022-йилнинг 14-мартида суд ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни ноқонуний деб топиб, аввалги лавозимига тиклаш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ суд қарори бажарилмаяпти», — деган Сиргакбек ўғли.

Милиция нима дейди?

Ўш вилоят ички ишлар бошқармасидан эса мазкур видеомурожаат бўйича текширув олиб борилаётганини билдиришди.

Шунингдек милициянинг маълумотида унга лейтенант Сиргакбек ўғли 2021-йили июнь ойида ишдан бўшатилгани, бунга турмуш ўртоғи ва балоғатга етмаган фарзандини ургани асос бўлгани айтилади.

«2021-йилнинг 11 июль куни Қора-Сув туман милициясига Шарқ қишлоқ ҳукуматининг Фурқат қишлоғининг 28 ёшдаги фуқароси ариза билан мурожаат қилган. Аризада 10-июль куни соат тахминан 16:00ларда турмуш ўртоғи Чубак Сирғакбек ўғли билан ўзаро келишмовчилик сабаб уни ва уч ёшли ўғлини калтаклагани айтилади», — дейилади маълумотда.

Ўш ИИБ матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ушбу факт юзасидан Қора-Сув туман ИИБ томонидан «Баданга енгил шикаст етказиш» моддаси бўйича судгача иш қўзғатилган.

Шунингдек, улар суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчи ва ўғлининг соғлиғига қисқа муддатга шикаст етказувчи енгил тан жароҳатлари олганини қўшимча қилган.

«Тергов давомида милициянинг катта лейтенанти Чубак Сирғакбек ўғлига нисбатан “Хайфсан” ва “Хизматдаги номувофиқлик тўғрисида огоҳлантириш” интизомий жазо чораси қўлланилиб, натижада у ишдан бўшатилди», — дейилади милиция маълумотида.

Улар Сирғакбек ўғлининг собиқ иш жойига қайтиш учун судга ариза берганини тасдиқладилар ва суд иши давом этаётганини қайд этдилар.

Муаллиф: Бакай Алмаз