Президентнинг сафдоши Талант Мамитов «Қирғизистоннинг хизмат кўрсатган юристи» унвони билан мукофотланди

335

Жогорку Кенешнинг етакчиси Талант Мамитовга «Қирғиз Республикасининг хизмат кўрсатган юристи» унвони топширилди. Тегишли буйруққа президент Садир Жапаров 1-сентябрда қўл қўйди.

Бундан ташқари, президентнинг яна бир фармонига кўра, қочқин президент Қурманбек Бакиевнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, ҳозирда Жогорку Кенешнинг депутати Элмурза Сатибалдиевга «Данк» медали топширилди.

Шунингдек, президентнинг яқин дўсти, МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга энг олий даражадаги «Қирғиз Республикасининг Қаҳрамони» унвони ва «Ак Шумкар» махсус белгиси топширилди.

Талант Мамитов ким?

Талант Мамитов — Уч чақирилишнинг депутати. Дастлаб, у Жогорку Кенешга 2010-йили «Ата-Журт» партияси билан келган. Талант Мамитов 2010-йили Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев тузган «Ата Журт» партиясидан Жогорку Кенешнинг бешинчи чақирилишига депутат бўлиб сайланган.

2012-йилнинг октябрь ойида Жапаров, Ташиев ва Мамитов «Қумтўр» олтин конини миллийлаштириш талаби билан Оқ уйнинг қошида митинг уюштиришган. Кейинчалик митингчилар Оқ уйнинг тўсиғидан ошиб тушишга ҳаракат қилишган.

Уч депутат ҳуқуқ тартибот органлари тарафидан қўлга олиниб, уларга «ҳукуматни куч билан босиб олиш» айби қўйилган. Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2013-йили уларни айбдор деб топган. Кейинчалик Бишкек шаҳар судида судья Курманкул Зулушев депутатларни оқлаган. Жорий йилнинг 20-октябрида эса Олий суд уларни тўлиғи билан оқлаган.

Ҳукуматга Садир Жапаров келган октябрь воқеаларидан кейин Талант Мамитов спикер бўлиб сайланган.

Элмурза Сатибалдиев дегани ким?

Сатибалдиев ҳозирда волейбол бўйича Осиё конфедерациясининг бош котиби. Курманбек Бакиев ҳукуматда турганда у бош прокурор бўлган. Бу вақтда президентнинг маслаҳатчиси ҳам бўлиб ишлаган.

2010-йилнинг 7-апрелидаги революциядан кейин «Лавозимини суиистеъмол қилиш» моддаси билан судланиб, 10 йилга озодликдан ажратилган. Суд тарафидан тайинланган жазо муддатининг учдан икки қисмини ўтаб, 2016-йилнинг охирида озодликка чиққан.

У 2020-йили октябрда ўтиб, кейин натижаси бекор қилинган парламент сайловига Сатибалдиев «Замандаш» партияси билан қатнашган. Сатибалдиев 2021-йили сайловга Ўш вилоятининг №12 Ўзган сайлов округидан номзодини қўйиб, депутат бўлиб сайланган.