ИИВ Алимкадир Бейшеналиевга қарши қўзғалган жиноят ишини тўхтатди — адвокат

360

Ички ишлар вазирлиги 16-август куни хизматидан вақтинча четлатилган соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевга қўзғалган жиноят ишини тўхтатди. Бу ҳақда унинг адвокати Кайсин Абакиров Фейсбук саҳифасига ёзди.

Унинг айтишича, жиноят иши «[Алимкадир Бейшеналиевнинг] харакатларида жиноят таркиби йўқ бўлгани» сабабли тўхтатилди.

«COVID-19га қарши вакцинани сотиб олиш бўйича барча қарорлар, ўша вақтда мамлакатда ҳукм сурган жиддий эпидемиологик вазиятга кўра Жогорку Кенешнинг розилиги билан, вазирлар маҳкамасининг қарорига кўра қабул қилинганидан, тергов шундай хулосага келди. Ички аудитнинг материалларига кўра, давлатга моддий зарар келтирилмаган ва мамлакат аҳолиси бугунги кунгача вакцина билан таъминланган», — деб ёзди адвокат.

Шунингдек, Абакировнинг айтишича, «COVID-19 бўйича шошилинч лойиҳани қўшимча молиялаштириш» дастури бўйича Жаҳон банки Қирғизистоннинг 2021 йилдаги 13 миллион 454 минг миқдоридаги харажатларни ёпиб берган.

«Шундай қилиб, Бейшеналиевнинг соғлиқни сақлаш вазири лавозимига қайта тиклашга тўлиқ ҳақли», — дея хулоса қилди адвокат.

Кейинроқ, 24.kg нашрига берган интервьюсида Бейшеналиев ўзи президент Садир Жапаров қарор қабул қилса, хизматига қайтиб, «ислоҳотларни давом эттиришга» тайёрлигини айтган.

Бейшеналиевнинг қўлга олиниши

Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев 2-июнда  «коррупцияда» гумонланиб қўлга олинган. Бош прокуратура амалдорга нисбатан етти жиноят ишини қўзғагани маълум.

Назорат органининг маълумотига кўра, бир жиноят иши «Коррупция» моддаси бўйича, иккиси «Мажбурлаб пора олиш», тўртаси «Лавозимини суиистеъмол қилиш» ва «Билиб туриб манфаатсиз шартнома тузиш» моддалари бўйича қўзғалган.

Бейшеналиев коррупцияга ва COVID-19га қарши курашиш учун вакцина сотиб олишда давлат бюджетига 1,5 млрд сом зарар етказган деб гумонланган.

Кейин Жапаров соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг иши бўйича комиссия тузганини билдирган. Давлат раҳбари комиссияни вазирга жиноят иши холис қўзғалганми-йўқми «ўзи учун билиб олиш» мақсадида тузганини қўшимча қилган. Шу билан бирга Алимкадир Бейшеналиевни соғлиқни сақлаш вазири хизматидан вақтинча четлатиб, Жаркинбек Касимбековни вазирнинг вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаган.

Қўлга олингандан кейин Бейшеналиев МХДҚнинг ТИЗОсига киргизилган. Аммо 16-июнда суд амалдорни уй қамоғига чиқарган. ТИЗода ўтирганда у соғлиги ёмонлашганидан шикоят қилган.