Ўшда аккумулятор ўғирлагани учун тўққиз йилга судланган шахс очлик эълон қилди

Ўш шаҳридаги №5 тергов изоляторида автомобил аккумуляторини ўғирлаганликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган Уланбек Акматжанов исмли шахс 9 августдан бошлаб очлик эълон қилди. Бу ҳақда «Клооп»га Жазони ижро этиш хизмати матбуот котиби Элеонора Сабатарова маълум қилди.

Муассаса хабарига кўра, Акматжанов Қорасув туман судининг қарори ва туман прокуратураси ҳаракатсизлигидан шикоят қилмоқда.

«Суд қароридан норози бўлиб, шундай қадамга борди. Уни муассаса ходимлари кўриб чиқмоқда. Тиббий кўрикдан ўтмоқда», —  деб ишонтирди Сабатарова.

Ўш шаҳар суди нима дейди?

Ўш шаҳар суди 11 август куни Акматжанов Қорасув туман суди томонидан «Ўғирлик» моддаси бўйича айбдор деб топилганини тасдиқлади. У тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинган- жазонинг ўталмаган қисми олти йилни ташкил этади.

Суд маълумотларига кўра, айбланувчи суд ҳукмига рози эмас. Натижада у Қорасув туман прокуратурасига апелляция аризаси киритган. Ҳозирда унинг иши Ўш вилоят суди томонидан кўриб чиқилмоқда. Суд мажлиси 24 августга белгиланди.

Шаҳар суди 9 август куни Акматжанов билан бирга яна бир киши очлик эълон қилганини таъкидлаб, иккаласи ҳам очликни тўхтатганига ишонтирди.

Бу вақтда  Уланбек Акматжанов билан Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази вакили  учрашгани маълум бўлди. Маркази вакили «Клооп»га  Акматжанов ва яна икки киши 2021-йил декабрида автомобил аккумуляторларини ўғирлаганликда гумонланиб ҳибсга олинганини билдирган.

Акматжанов суд ҳукмини адолатсиз ва жуда қаттиқ деб ҳисоблайди. Сабаби, худди шу жиноятда айбланаётган шахслардан бирига нисбатан айблов эълон қилиниб, иккинчиси эса пробация назоратига олинган.

Шунингдек, Акматжанов Жанубий вилоят прокуратурасига ва Ўш вилоят прокуратурасига ариза билан мурожаат қилгани ва муассасадан жавоб ололмаганидан шикоят қилган.

Қийноқларнинг олдини олиш маркази Акматжановнинг аризаси 11 август куни Қорасув туман прокуратураси ва махсус прокурорига онлайн тарзда юборилгани аниқланганини қўшимча қилди.