Миллий банк: Июнда пул ўтказмалар ва давлатдан пул чиқариш рекорд даражага етди

124

2022 йилнинг июнь ойида жисмоний шахслар Қирғизистонга пул ўтказмалари тизимлари орқали 317,2 миллион АҚШ долларини ўтказган. Бу ҳақда Миллий банкнинг пул ўтказмалари бўйича ҳисоботида айтилади.

2005-йилдан бери ўтказилган статистикага кўра, бу бир ойнинг ичидаги пул ўтказмалари бўйича  рекорд кўрсаткичидир. Аввалги рекорд 2021-йилнинг сентябрь ойида қайд этилган — унда пул ўтказмаларининг миқдори  295,5 миллион долларни ташкил қилган.

Пул ўтказмаларининг ўсиши Россиядан келган пулларнинг 23,25 фоизга кўтарилиши билан боғлиқ.

Умуман олганда, жорий йилнинг январь ойидан июнь ойига қадар Қирғизистонга 1 миллиард 347,5 миллион доллар ўтказилган. Пул ўтказмаларининг 97 фоизи – 1 миллиард 284,14 миллион доллар Россиядан тушган.

Шу билан бирга, июнь ойида Қирғизистондан маблағнинг чиқарилиб кетиши ҳам рекорд даражага етди. Унда Қирғизистондан 85,7 миллион доллар олиб чиқиб кетилган — бу 2005 йилдан бери рекорд кўрсаткичдир.

Маблағнинг ташқарига чиқарилиши жорий йилнинг апрелида кўпая бошлаган. Миллий банкнинг маълумотига кўра, январь-март ойларида Қирғизистондан Россияга бир ойда 40 млн доллардан ортиқ юборилмас эди. Аммо апрелда маблағ — 79 млн долларга етиб, май ойида 85,5 млн долларни ташкил қилган.

«Азаттык» сайтидан скриншот.

Пул ўтказмаларнинг кўлами ўсди, аммо доллар чиқарилмоқда 

Июнь ойи охирида Миллий банк «нақд доллар тақчиллигини» тан олган. Марказий банкдан чет эл валютасининг етишмаслигини хориждаги жисмоний ва юридик шахсларнинг спекуляцияси деб изоҳлашган.

Россияда 1-мартдан бошлаб, мамлакатдан нақд доллар олиб чиқиш чекланган — бир кишига 10 минг доллардан ортиқ маблағни олиб чиқиш тақиқланган. Худди шундай чеклов Қозоғистонда ҳам март ойи ўрталарида киритилган эди.

Миллий банкдан бундай чоралар Қирғизистонда рубль, тенге ва доллар билан пул ўтказмаларининг кўпайишига олиб келганини айтишган.

«Давлатдан чет эл валютасини чиқаришга /киргизишга тақиқнинг йўқлигидан фойдаланиб, [хорижий валютани пул ўтказиш билан] олганлар нақд АҚШ долларини катта кўламда Қирғизистондан чиқариб кетган ва чиқаришмоқда», — деб таъкидлашган Миллий банкдан.

Вазиятни тартибга солиш мақсадида Миллий банк томонидан бир қатор чекловлар жорий этилган. Масалан, апрель ойидан бошлаб пул ўтказмалари пул юборган давлатнинг валютасида ёки сом билангина берилмоқда.

Бундан ташқари, Миллий банк тижорат банклари ва валюта айирбошлаш шохобчалари ўртасидаги яширин тил бириктирилишининг олдини олиш мақсадида банкларга пул алмаштирувчи жойлар билан бир кунда ўша пул алмаштирувчи жойнинг айланмасидан ошмайдиган миқдорда чет эл валютасини сотишга чеклов киргизган.

8-августда Марказий банк етакчисининг ўринбосари Нурбек Жениш муассаса тарафидан кўрилган чоралар нақд долларнинг давлатдан чиқиб кетишини «тўхтата олди» деб билдирган.

Бироқ экспертлар нақд валютанинг етишмовчилигидан ва турли чекловлар сабаб ўлкада валютанинг «қора бозори» пайдо бўлганини, унга тижорий банклар ҳам иштирок этаётган бўлиши эҳтимоллигини айтишган.