Бишкек шаҳар судининг коллегияси Военно-Антоновкадаги болалар уйида тарбияланган 13 ёшдаги Игорь Якуниннинг ўлими бўйича қўзғалган жиноят ишини қисқартириш бўйича қарорини 8-августда ноқонуний деб топди. Ишни қисқартириш қарорини Чуй вилоят ИИБнинг махсус муҳим ишлар бўйича терговчиси жиноятнинг таркиби йўқлиги сабаб чиқарган.
«Болалар ҳуқуни ҳимоя қилиш лигаси»нинг етакчиси Назгул Турдубекованинг айтишича, терговчининг қароридан шикоят бўлгандан кейин Чуй вилоят прокуратураси Бишкек шаҳар судига терговчининг «болалар уйи ўқувчисининг ўлимига етакчилик айбдор эмас деб ҳисоблаб, ишни қисқартиргани тўғри бўлган» деб айтилган аниқлама ёзиб берган.
Натижада суд адвокат томонни қўллаган. Суднинг матбуот хизматидан терговчи Жазо-процессуал кодексининг талабини бузганини, унга кўра, у «ишнинг ҳолатлари тўлиқ, холис ва ҳар томонлама тадқиқ қилиниши учун барча кўрилган чораларни кўришга мажбур бўлганини» таъкидлади. Суднинг ҳукмида ишда қарама-қаршиликлар бор экани ҳам айтилади.
Ҳозирда жабрланган тарафнинг адвокати Чуй вилоят ИИБнинг терговчисига ишонмаслик кўрсатиб, ишни ИИВнинг Бош тергов бошқармасига ўтказиб беришни илтимос қилмоқда.
Игорь Якунинга нима бўлган эди?
Ўсмир вафот этгани ҳақидаги хабар 1-июнда тарқаган. Ўшанда милицияга Военно-Антоновка қишлоғидаги болалар уйида 6-синфнинг ўқувчиси Игорь Якунин ётоқхонасидан ҳушини йўқотиб, ҳушига келмай вафот этгани ҳақида маълумот келиб тушган. Бола касалхонага етказилиб, ўша ерда вафот этганини тасдиқлашган.
Таълим вазирлигининг маълумотига кўра, болалар ухловчи хонада монополия ўйнашган. Игор тик туриб, бир-икки қадам ташлаб ҳушидан кетиб қулаган. Муассаса ҳеч қандай муштлашув бўлмаган деб ишонтирган.
Бироқ марҳумнинг акаси Богдан Якунин терговга Игор юқори синфнинг ўқувчисини калтагидан ўлди деб билдирган. ИИББдан эса вафот этган боланинг жасади текширилганда калтаклаш белгилари бўлмаган деб билдиришган.
«Игорни кўкрак қисмига беш марта уришган, охиргиси юрак атрофига теккан кучли зарба бўлган. Бола бурилиб, уч қадам ташлагандан кейин қулаган. Унинг танаси қалтироқ босиб, нафас етишмай, иштонини ҳўллаб қўйган», — деб айтиб берган акаси Богдан Якунин.
Кейин у президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, укасининг ўлимига боғлиқ ишни ўз назоратига олишни сўраб, болалар уйи директорининг укасини «ўлгунча калтаклаган катта синф тарбияланувчисини ҳимоя қилиб, ишни ёптиришга ҳаракат қилмоқда» деб айблаган.
Воқеадан уч ҳафта ўтгандан кейин Якуниннинг ишини президент Садир Жапаров шахсий назоратига олганини билдирган. Болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакил Жипариса Рисбекова эса Таълим вазирлигига ўсмир вафот этган интернат директорини ишдан бўшатиб, бошқа ходимларнинг жавобгарлигини кўришни тавсия қилган.
Июннинг охирида милиция ўсмир болалар уйида калтаклашдан вафот этганини тан олган. Шу билан бирга Чуй вилоят ИИБи ишнинг моддасини «Одам ўлимига олиб борган соғлиққа зарар етказиш» моддасига ўзгартирган. Бу қарор суд-тиббий экспертизанинг хулоса асосида қабул қилинган.
Сентябрнинг охирида милиция Игорь Якунин кўкрак қисмига теккан оғир зарба сабаб юраги рефлектор тўхтаб қолиши оқибатида вафот этганини билдирган.