«Алтин Казина» ресторанининг маъмурияти бир гуруҳ одамлар томонидан зўрланган вояга етмаган қизнинг воқеаси юзасидан Инстаграм саҳифасида баёнот берди. Жиноятда ресторан официантлари гумон қилинмоқда.
Хабарда айтилишича, жиноят 7 августга ўтар кечаси содир бўлган.
«Воқеа кечаси, ходимларнинг иш вақти тугагандан кейин бўлган. Ходимлар рухсатсиз хусусий шахслар томонидан ижарага олган қўриқчи турган жойга кириб кетишибди. Жиноятчилар қўлга олинди, улар Жиноят кодексига мувофиқ жазоланади. Бу вазиятни қабул қилиб, терговга ҳар томонлама ёрдам беряпмиз. Шунингдек биз ҳам сизлар каби адолат тарафида эканлигимизни билдирамиз», —деб айтилади билдирувда.
Аввалроқ «Алтин Казина» ресторани билан Maryotel мехмонхонасининг эгаси, парламентнинг собиқ депутати Махабат Мавлянова воқеа бўйича фикрини билдирган. Мавлянова мехмонхона спорт ташкилотига ижарага берилганини, ташклиот барини мустақил бошқаргани учун компания унинг назоратида эмаслигини айтган.
Ўз навбатида «Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш лигаси» раҳбари Назгул Турдубекова гумондорлар қизнинг оиласига босим ўтказаётганини маълум қилган.
«ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги шов-шувлардан кейин терговчини алмаштиришди, ҳозирча у қонун доирасида иш олиб бормоқда. Иш Аламудун туман ички ишлар бўлимида [кўрилмоқда]», — деб ёзди у Фейсбук саҳифасига.
8-августда ижтимоий тармоқларда «Алтин-Казина» ресторанида ишлаган 17 ёшли официант қизни икки нафар шахс зўрлагани ҳақида маълумот тарқаган. Унда қизнинг онаси тажовуз 7-августга ўтар кечаси бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, воқеа «Алтин Казина» ресторанининг ёнида Maryotel мехмонхонаси ҳудудида бўлган — гумондорлар қизнинг ҳамкасблари.
Келиб тушган ариза асосида милиция «Зўрлаш» моддаси билан жиноят ишини қўзғаган.
9-август куни ўсмир қизни зўрлашда гумонланиб «Алтын Казына» ресторанининг 20 ёшдаги официанти қўлга олинган.
«Воқеа тафсилотлари текширилиб, айбдорларни қонун доирасида тўлиқ жавобга тортиш учун чоралар кўрилади», — деб таъкидлашган милициядан.
Болаларга нисбатан зўравонлик
Қирғизистонда 2022-йил бошидан бери болаларга нисбатан 400 дан ортиқ зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳақда «Биринчи радио»нинг эфирида ИИВнинг Жамоат хавфсизлик хизматининг бўлим бошлиғи Нуржан Адилова маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, мазкур 400 та ҳолатнинг 55 таси жинсий зўравонликдир.
Рўйхатга олинган 55 та жинсий зўравонлик ҳолатлари орасида: 19 таси зўрлаш, 5 таси жинсий зўравонликка уриниш, 23 таси вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонликка уриниш ва 8 таси нопок ҳаракатлардир.
Айни пайтда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йил сайин ортиб бормоқда. Кўпинча иш судгача етиб бормайди, чунки кўп ҳолларда болаларга нисбатан зўравонлик қариндошлар томонидан амалга оширилади. Жабрланганларнинг оилалари шикоят қилишга қарор қилган тақдирда ҳам, қариндошларининг фикрига рози бўлиб, шикоят қилишдан бош тортадилар.