Вазирлар Маҳкамаси илгари ишлатилган катализаторлар ва унинг таркибидаги қимматбаҳо металлар шлак, кул ва қолдиқларини Қирғизистон ҳудудидан олиб чиқишни тақиқлади.
Бундай чеклов олти ой давом этади. Қарорни вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров имзолади.
Маҳкамадан вақтинчалик тақиқ тўғрисидаги қарор транспорт газлари таъсирида ҳаво ифлосланишини камайтириш орқали инсон ҳаёти ва соғлиғини, атроф-муҳитни, жониворлар ва ўсимликларни муҳофаза қилишга қаратилганини таъкидлашди.
*Катализатор - бу автомобилнинг тутун чиққан қисмидаги газларида инсон ва экология учун зарарли кимёвий зарраларни (қурум, углерод ва азот оксиди) фильтрлайдиган қурилма. Бу моддалар катализаторда бутунлай ёниб, унчалик зарарсиз моддаларга айланиб чиқади.
Бундан ташқари, қимматбаҳо ва қора металл парчалари, шунингдек, қоғоз, картон ва ёғоч материалларни Евросиё иқтисодий иттифоқи божхона ҳудудидан ташқарида сотиш таъқиқланди.
Ўтган йили вазирлар маҳкамасининг ўша пайтдаги раҳбари Улукбек Мариповнинг қарори билан катализаторларни мамлакатдан ташиб чиқишга вақтинча таъқиқланган эди. Шунингдек, тақиқ ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун киритилгани ҳам таъкидланган.
Катализаторларни сотиш
Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилги маълумотларига кўра, Қирғизистондаги 80 %га яқин автомобилларнинг катализаторлари йўқ, бор бўлса ҳам зарарли моддаларни хавфсиз қилиб тозалаб чиқара олмайди.
Сўнгги йилларда Қирғизистонда катализаторларни сотиб олишга талаб юқори. Онлайн олиб –сотувчи жойларда битта катализатор учун 50 мингдан 100 минг сомгача таклиф қилишади.
Катализатор- автомобилнинг газ чиқарувчи тизимидаги энг қиммат элементларнинг бири. Шунинг учун катализаторларни алмаштирилмасдан кесиб олишади.
Катализаторда таркибида платина, родий ёки палладий тузи каби қимматбаҳо металлар бўлгани учун унинг нархи қиммат. Палладийнинг глобал тақчиллиги унинг қийматини оширди ва келгуси йиллар давомида шундай давом этиши мумкин.
Битта катализаторда тахминан 5 грамм палладий мавжуд. Палладий, шунингдек, автомобиль ишлаб чиқариш, электроника ва стоматология тармоғида ҳам қўлланилади.
Автомобиллар учун экологик талабларнинг ошиши ушбу металлга бўлган талаб ва унинг нархининг ошишига олиб келди.
Қиш келиб, пойтахтда иситиш мавсуми бошланиши билан Бишкекда ҳаво ифлосланиши муаммоси янада кескинлашади. Атмосферанинг ифлосланишига Бишкекка туташ аҳоли пунктларида иситиш тизими ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, шаҳарда автомобиллар сонининг кўплиги, уларнинг кўпчилиги чиқинди газларни фильтрлайдиган катализатор бўлмагани ҳам ҳавонинг ифлосланиши сабабларидан бири сифатида баҳоланмоқда.