«Қаттиқ назоратга олинсин». Садир Жапаров аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида гапирди

330

Президент Садир Жапаров Олий судга аёллар ва болаларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатларини қаттиқ назорат қилишни буюрди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари 5 август куни судялар билан учрашганида айтиб ўтди.

Жапаров жамиятда суд-ҳуқуқ тизимидан норозиликни келтириб чиқараётган муаммоларни таҳлил қилиш ва аниқлаш, уларни бартараф этиш учун фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқот қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

«Фуқаролик жамияти вакилларидан қочмасдан, улар билан бевосита маслаҳатлашиб, ҳамкорликда иш олиб бориш албатта яхши самара беришига ишонаман», — деди у.

Шунингдек президент жамоатчиликда акс-садо берган суд ишлари бўйича қарорларни ОАВлари орқали тушунтириш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Президент билан учраша олмаган фаоллар

Айни пайтда президент «Аёллар ва болалар ҳуқуқлари учун” ҳаракатининг учрашувни талаб қилган уч марта илтимосига эътибор бермаяпти.

3 август куни мазкур ҳаракат яна президентга мурожаат қилиб, аёллар ва болаларнинг аҳволи «кун сайин ёмонлашиб бораётганидан» хавотир билдирган. Улар президент билан учрашишни талаб қилишди.

Ҳуқуқ ҳимоячилар давлат органлари томонидан зўрлаш бўйича тақдим этилган маълумотлар вазиятни тўлиқ акс эттирмайди деб таъкидлашган.

«Аёллар ва болалар ҳуқуқлари учун» ҳаракати президентга биринчи марта 13 ёшли қизни тўрт эркак зўрлагани маълум бўлгач, мурожаат қилди. Гумонланувчилардан икки нафари милиция ходимлари экани айтилган.

Президент маъмурияти мурожаатга жавоб қайтариб,  «бундай фожиали воқеалар бу борадаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади» деб таъкидлаган.

Фаоллар президент маъмуриятининг жавоби уларни қониқтирмаганини айтишган. Улар «мамлакат аёллари ва болаларини ҳимоя қилиш на давлат раҳбарининг, на вазирларнинг асосий мақсади эмас эканини кўрдик» дейишган.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик

Қирғизистонда 2022-йил бошидан бери болаларга нисбатан 400 дан ортиқ зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. ИИВ маълумотларига кўра, мазкур 400 та ҳолатнинг 55 таси жинсий зўравонликдир.

Рўйхатга олинган 55 та жинсий зўравонлик ҳолатлари орасида: 19 таси зўрлаш, 5 таси жинсий зўравонликка уриниш, 23 таси вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонликка уриниш ва 8 таси нопок ҳаракатлардир.

Шу билан бирга, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳар йили ортиб бормоқда. Ишлар кўпинча судгача этиб бормайди, бунга сабаб болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари асосан қариндошлар томонидан содир этилади.