«Бишкек машинасозлик заводи» очиқ акционерлик жамиятининг директори Азамат Мукашев аввал йирик миқдордаги товламачилик учун судланган. Бу ҳақда Temirov Live’нинг навбатдаги суриштирувида айтилади.
Журналист Болот Темировнинг айтишича, Мукашев Қирғизистондаги банкларнинг бирида касса операцияси бўйича етакчи мутахассиси бўлиб ишлаб юрганда жавобга тортилган.
Суриштирувдаги ҳужжатга кўра, Мукашев ва унинг ҳамкасби банкоматлардан кассета чиқариш вақтида нақд пулни ўмариб олишган. Ҳужжатга эса маблағ тўлиқ эканини кўрсатишган. Натижада банкка 8 миллион сомдан ортиқ зарар келтирилган.
Журналист суд Мукашев билан унинг ҳамкасбини «Йирик миқдордаги товламасилик» моддаси билан айбдор деб топиб, олти йилга шартли ҳукм қилганини таъкидлади.
Кейинчалик Азамат Мукашев «Бишкек машинасозлик заводига» директор бўлиб тайинланган. Temirov Live’нинг журналистлари Мукашев бу хизматга «президент Садир Жапаровнинг ва унинг тарафдорлари ташаббусини қўллагани учун тайинланган» деган фикрда.
Суриштирувда Мукашев 2020-йили президентликка номзодини қўйган Садир Жапаровнинг ишончли одамларидан бири бўлгани айтилади.
«Мукашев Азамат Бакитович Конституция бўйича (2021-йили) агитаторлар гуруҳининг сайлов фондига 100 минг сом ўтказган, ёдингизга солиб ўтай, унга ҳам [референдумга] Садир Жапаров лоббистлик қилган», — деб таъкидлади Темиров.
Шу билан бирга, журналистларнинг қўшимча қилишича, Мукашев Садир Жапаров билан алоқадор бўлган «Мекенчил эл» партиясининг ҳам асосчиларидан бири бўлган. Партия 2021 йилги парламент сайловларида иштирок этган.
«Ҳокимият учун сенинг кимлигинг, аввал судланганмисан, ўғирлик қилганмисак ёки ўғирламаганмисан муҳим эмас. Асосийси, сайлов вақтида югуриб, ижтимоий тармоқда мақтаб юрганинг. Агар сен ердош, қариндош ёки қуда бўлсанг, ундан ҳам яхши. Аммо бу коррупция эканлигини қайта-қайта айтганмиз. Бундай мантиқсиз тайинловлар эса мамлакат ривожига тўсқинлик қилади. Биз бунга қарши курашишимиз керак», - дейди журналист.