ЛГБТ жамияти Боткенда яшовчи вакили: Эркин ҳаёт — биз учун ҳамон орзу

370
Иллюстрация: Ирискелди Алмазбек ўғли

Қирғизистонда лезбиянка, гей, бисексуал ёки трансгендер бўлиш таъқиқланмаган. Лекин ўзингни бошқалар ўхшамаслигингни айтиш  жамиятнинг кучли босимига, ҳатто зўравонлиги ёки таҳдидига олиб келиши мумкин.

Мамлакат ҳудудларида эса ЛГБТ - жамияти вакилларининг ҳуқуқлари ҳимояланиши у ёқдан турсин, маҳаллий аҳоли билан бу мавзуда гаплашиб бўлмайди.

Биз чекка Боткен вилоятида яшовчи ЛГБТ - жамияти вакили билан суҳбатлашдик. У ўз мисолида ҳудуддаги ҳаёт, бошидан кечирган қийинчиликлар, орзу-мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.

*ЛГБТ деган ном лезбиянлар, гейлар, бисексуаллар ва трансгендерлар ҳамжамиятини назарда тутади. Аслида, квир жамияти бундан анча кенгроқ - жинсий ўзига хосликнинг кўплаб шакллари мавжуд.

Жинсий ориентация эса инсоннинг қайси жинсга ишқий ёки жинсий қизиқиши билан белгиланади. Мисол учун, агар эркак эркакни ёқтирса, у гомосексуалдир.

*Қаҳрамонимиз илтимосига кўра исм ўзгартирилди.

 «Жамиятнинг босими туфайли уйландим»

Самат Боткен чегарасига яқин қишлоқда туғилган. Олий маълумот олиб, ишга жойлашгач, вилоят яқинидаги шаҳарга кўчиб ўтади.

Қаҳрамонимизнинг сўзларига кўра, у ўз ориентациясини 4-5-синфларда ўқиб юрган кезларида билган. 9-синфда эса  у ўзини бутунлай қабул қилди.

Саматнинг сўзларига кўра, аввалроқ унинг ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракати ҳақидаги танқидлар уни асабийлаштирган. У миш-мишлар ва ижтимоий босим туфайли уйланишга  мажбур бўлди.

«Турли миш-мишлар тарқалиб, “бирон касаллиги бор шекилли” деган гаплар тарқалди.  Мажбурият туфайли уйландим,  ҳозир оилам билан яшайман», – дейди у.

Саматнинг яқинлари унинг ориентациясидан бехабар. У яшаётган ҳудуддаги менталитет туфайли ЛГБТ – кишиси эканини имкон қадар яширишга ҳаракат қилади.

Бироқ, шундай бўлса ҳам у дискриминация, камситиш,  ҳатто зўравонликка дучор бўлганини айтади.

«Менталитет деган нарса бор, “озчилик жамияти вакилиман” деб очиқ айта олмайсан.  Бироқ  барибир  кўпчиликдан тана  ҳаракатларингдан, кийимингдан фарқ қилиб қоласан. Одамлар орқангдан “қиз болага ўхшайди, кўрдингми?” дейишади», —деди у,  бу «одатга айланиб қолганини» айтиб.

Самат ўтган ҳаётида эркак томонидан зўрланганини ҳам эслади. Унинг сўзларига кўра, воқеа бир неча йил аввал содир бўлган. У кечқурун  кўчада ичиб юрган дўстларини учратиб қолган. Улардан бири Саматни уйига етказиб қўймоқчи бўлган.

«Машинага ўтирдик, ўтиргандан сўнг “иккаламиз бир жойга бориб келайлик, кейин бира тўла кетамиз” деди. Шундан сўнг  мени адирга  олиб чиқиб, зўрлаб, ташлаб кетди. Уйга  тонгда  келдим, ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим, ҳақиқатда. Ўзимни ёмон ҳис қилдим, ўзимни айбладим... Ўша воқеадан кейин  у одамни кўрмадим», — деди у.

Самат бу воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмаган - у буни «уларга ишонмаслиги» билан тушунтирди. Чунки Самат «ЛГБТ одамлари ҳамма нарсадан кўра ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан зўравонликка дучор бўлишади» дейди.  Унинг сўзларига кўра, ички ишлар ходимлари мазкур жамоа вакилларига нисбатан «мазах қиладилар ва камситадилар».

«Мени ҳар доим ўйлантирадиган нарса бу - ҳуқуқ-тартибот идоралари. Улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари керак, аксинча улар ҳуқуқларни бузади. Ушбу тизимни ўзгартиришга ҳисса қўшиш учун ғояларим бор. Бунинг сабаби, улар ҳам  ЛГБТ ҳамжамиятини тушунишлари керак», — деб ҳисоблайди у.

"Жамоатчилик билан ишлаб, қўлимдан келганича ёрдам бераман»

Саматнинг орзуси-озчиликдаги жамият вакилларига тенг шароит яратиш. Айни пайтда у жамоат ишларида фаол иштирок этиб, муаммолари билан келган маҳаллий аҳолига ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.

«Ёшлигимда мактабни битириб, катта жойда ишлаш ёки депутат бўлиб, одамларга ёрдам беришни орзу қилардим. Ҳозир ярми бажарилди-ку дейман, чунки жамият билан ишлаб, қўлимдан келган ёрдамни бераман. Баъзан ухлашга вақт бўлмайди, муаммоларини айтиб мурожаат қилишади. Ушалмаган орзуларим туфайли фақат парламентга етиб бора олмадим шекилли – қонунларни ёзиб, ўзгартириб, озчиликни кўпчиликка қўшгим келади», — дейди у.

Самат  ЛГБТ вакиллари бир неча йил олдингига қараганда ҳозир эркинроқ юриб қолган деган фикрда. Аммо «одамлар нима дейди» деган фикр уларни тарк этмаганини айтади.

«Ҳозир 4-5 дўстим бор, бемалол  учрашиб, кўришамиз. Аммо бошқалар билан  учрашганда барибир  “одамлар билиб қоладими”, “мен ажралиб турмайманми” деб қўрқасиз.  "Одамлар нима дейди" деган ғоя билан озчилик ҳам яшаб қолган,  ичимизда бўлаётган воқеаларни ифодалаш ўрнига, кўпчилик жамиятга "мос" бўлишга ҳаракат қилдик. Эркин ҳаёт - биз учун орзу», —дейди Самат.

Шунингдек, Самат «ЛГБТ-одамлари — биргина ёшлар» деган фикр хато эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, атрофида катта авлоддаги озчилик вакиллари ҳам бор.

«Олдин “нимага бошқалар хоҳлагандай  эркин яшайди,  қийинчиликлари йўқ, нимага мен шуларга ўхшамайман, ким айбдор” деб ўйлардим. Лекин ҳозир қарасам, ички дунёмиз нимани хоҳлаётган бўлса, ўша дунё билан яшаб ўтиш керак да. Ички оламим шундай эканига ҳозир афсусланмайман», — дейди у.

Бундан ташқари Саматни чегара  масаласи ҳам қийнамай қўймайди — қирғиз-тожик чегараси ёпилгандан сўнг унинг қўшни давлатдаги  танишлари билан алоқаси узилган. Молиявий  томондан ҳам қийинчилик туғилган.

Лекин Самат бунга ва ҳуқуқ бузарликларга учраганига қарамай, ўзи яшайдиган  ҳудуддан чет элга кўчиб кетгиси келмайди. Чунки унинг давлатнинг ривожланишига  ҳисса қўшсам деган режалари бор.

«Кўчиб кетгим келмайди, ўрганиб ҳам қолдим. Имкон бўлса, ишлаб,  мамлакатнинг ривожланишига ҳисса қўшгим келади», — деб сўзини якунлади у.

Муаллиф: Майрамбек Таалайбек ўғли

Мақола Unit журналистлар ва фаоллар жамиятининг кўмаги билан тайёрланди.