Олти ёшли қизни зўрлашда гумонланганларнинг яқинлари жазони енгиллатишга ҳаракат қилмоқда

«Справедливость» ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Жалолобод вилоятининг Новкен туманида олти ёшли қиз зўрланганини айтди. Гумондорнинг яқинлари жазони енгиллатиш учун пул таклиф қилиб, жабрланувчининг бувисига босим қилмоқда.

Нима бўлди?

«Справедливость» ташкилоти воқеа жорий йилнинг 26-майда бўлганини маълум қилди. Мактабгача тайёрлаш синфида ўқиган олти ёшли уч нафар қизни 28 ёшдаги ҳамқишлоғи тўсиб олиб, уйига «тут егани» чақирган.

Гумондор қизларга қовурилган картошка билан тухум бериб, ота-оналари ҳақида сўраган. Шундан сўнг ота-онаси ажрашган қизни бошқа бинога алдаб олиб бориб, зўрлаган.

Новкен туман милицияси мазкур ҳолат юзасидан «Тажовуз» моддаси билан жиноят ишини қўзғаб, гумондор Новкен туман ИИБнинг вақтинча ҳибсда сақловчи жойига қамалган. Суд жараёни 15-августга белгиланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар айни пайтда айбланувчининг яқинлари жабрланган томонга босим қилишга ҳаракат қилаётганини айтмоқда.

Айбланувчининг онаси қизнинг даволаниши ва бошқа харажатларига кетган маблағни тўлаб беришни таклиф қилиб, ўрнига эҳтиёт чорасини қўллашни талаб қилган.

«Агар ўғли 25 йилдан ортиқ муддатга ёки бутун умрга озодликдан маҳрум бўлса, ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаслигини айтибди», — деб таъкидлади улар.

Натижада жабрланувчининг онаси қизини ва ўзини ҳимоя қилиш илтимоси билан Новкен туман прокуратурасига мурожаат қилганини қўшимча қилди.

«Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти адвокаты Нурислам Райимжанов ушбу иш юзасидан барча далиллар борлигини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, воқеа жойида қизнинг сочи топилган, суд-тиббий экспертиза хулосаси зўрлаш бўлганини тасдиқламоқда.

«Тажовуз қилувчилар қилган иши учун жавобгарликка тортилмагани учун жамиятимизда зўравонлик жуда авж олиб кетди. Бу каби жиноят қилганларни энг узоқ муддатга суд қилиш лозим», — дея таъкидлади адвокат.

Болаларга нисбатан зўравонлик

Иллюстратив сурат

ИИВ маълумотига кўра, Қирғизистонда 2022-йилнинг бошидан буён болаларга нисбатан 400дан ортиқ зўравонлик ҳолати қайд қилинган. Унинг 55  — жинсий зўравонлик .

Рўйхатга олинган 55 та жинсий зўравонлик ҳолатларидан: 23 таси вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонликка уриниш, 19 таси зўрлаш, 8 таси ножоиз ҳаракатлар ва 5 таси жинсий зўравонликка уринишдир.

Жорий йилнинг январ ойида таълим ва фан вазири ўринбосари Надира Жусупбекова 2021-йилда 417 нафар ёш бола зўравонликка учраганини маълум қилган эди. Жусупбекованинг аниқлик киритишича, жабрланганларнинг 118 нафари жинсий зўравонликка учраган.

Ўтган йилнинг январ ойида эса ИИВ Қирғизистонда жинсий зўравонликдан азият чеккан болаларнинг 80 %и қариндошлари ёки танишлари қурбони бўлганини маълум қилган эди. Шунингдек, вазирлик ёш болаларга нисбатан жинсий ҳаракатлар уйда ёки меҳмонга боришда содир бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Бишкек шаҳрида болалар ва ўсмирларга ёрдам кўрсатиш маркази мавжуд бўлиб, унга (+996) 773 192 099 ва (+996) 707 079 597 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин. Жалолобод шаҳрида ҳам «Ак жол» реабилитация маркази фаолият кўрсатмоқда, алоқа рақами (+996) 773 741 191.

Агар сиз ёки сиз билган киши оилада зўравонликка дучор бўлса, ушбу мақолада келтирилган кризис марказларига мурожаат қилиши мумкин.