Жалолобод вилоятидаги Қўчқор ота шаҳар умумий шифокорлар амалий маркази вакили МХДҚ ходимига пора беришга ҳаракат қилаётганда қўлга олинди.
Махсус хизмат маълумотига кўра, оилавий шифокор Қирғизистон-Россия Славян университетида олий маълумотга эга бўлгани тўғрисидаги қалбаки дипломдан фойдаланиб юргани аниқланган.
«Аммо у жиноий жавобгарликдан қутилиш вақтида текширувни тўхтатиш ва фактни яшириш учун МХДҚ ходимига пора тавсия этган», — дея таъкидлашди қўмитадан.
Ушбу ҳолат «Пора бериш» моддаси билан қайд этилиб, ҳозирда тергов амаллари олиб борилмоқда.
МХДҚдан шифокор аввал Жалолобод вилоятининг Ахси туманига қарашли Уч-Қўрғон қишлоғидаги ҳудудий касалхонада жарроҳ бўлиб ишлаганини қўшимча қилишди.
Бунгача МХДҚ президент Садир Жапаров топшириғи билан барча даражадаги давлат ходимларининг дипломларини ва уларнинг қўш фуқаролиги бор ёки йўқлигини текшира бошлаган. Текширув жорий йилнинг 24 январида бошланган, у уч ой давом этиши айтилган.
Махсус хизмат давлат муассасаларида ишлаган 96 нафар ходим қалбаки дипломдан фойдаланаётгани гумонланаётганини маълум қилган. Текширув натижасида 40 нафар шахс ўз хоҳишига кўра ишдан кетиб, маҳаллий кенгашнинг икки депутати мандатини топширган.
Коррупция даражасини ўрганган Transparency International халқаро ташкилоти маълумотига кўра, Қирғизистон 2021 йили порахўрликнинг даражасига кўра, 27 очкога эга бўлиб, 144-ўринга чиққан. Бу кўрсатгич 2020 йилга нисбатан 20 босқичга паст — аввалги йили Қирғизистон 31 очко билан 124-ўринда эди.
Дания, Финляндия ва Янги Зеландия 88 очко билан биринчи ўринга чиқиб, коррупциянинг даражаси энг паст давлатларнинг қаторига кирган.