Боткен: Болалар боғчасидаги фалокатдан жабрланган болаларнинг бири Бишкекка ўтказилди

Боткеннинг Лайлак туманида болалар боғчаси ходими машинаси билан уриб юборган 6 нафар ёш боланинг биттаси Бишкекка ўтказилди. Бу ҳақда «Клооп»га Соғлиқни сақлаш вазирлигидан билдиришди.

Маълумотга кўра, 2 ёшли бола бош миясидан оғир жароҳат олган. Унинг аҳволи «оғир» деб баҳолангани учун Бишкек шаҳар болалар шифохонасига ўтказилган. Ҳозирда унинг аҳволи барқарор экани айтилди.

Туман шифохонасида эса даволанаётган яна 5 нафар боланинг аҳволи «ўрта» деб баҳоланмоқда.

15 июлда Лайлакдаги «Шумкар» болалар боғчасининг ходими машинасини боғча ҳовлисидаги сояга қўяман деб у ерда ўйнаётган 6 нафар ёш болани уриб кетган.

Фалокат оқибатида 2 ёшдаги 5 нафар бола, 5 ёшдаги 1 бола жароҳат олиб, Қулунду қишлоқ шифохонасига олиб борилган. Уларнинг биттасини аҳволи «оғир» деб баҳоланган.

Мазкур факт бўйича Лайлак туман ИИБи «Автомототранспорт воситалари ҳаракати ва уларни эксплуатация қилиш хавфсизлик қоидаларини бузиш» моддаси билан жиноят ишини қўзғаган.

Дастлабки тергов ишларида машинаси билан болаларни уриб кетган ходимнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги аниқланган. Тегишли экспертизалар тайинланиб, автомобиль жарима майдончасига киритилган.