«Дастан» заводи 300 ИВЛ аппаратини ишлаб чиқарувчига қайтариб бериб, қарзидан қутилади

277

«Дастан» заводи россиялик «Электронинторг» компаниясига 300 сунъий ҳаво берувчи аппаратни (ИВЛ) қайтариб беради. Бу ҳақда бугун матбуот анжуманида ишхонанинг собиқ раҳбари, амалдаги рақамли ривожлантириш вазири Талантбек Иманов билдирди.

Унинг сўзларига кўра, шундай йўл билан завод Россия компанияси олдидаги қарзидан қутилади.

«Биз бугунги кунгача ИВЛ аппаратларни ўтказиб бера олмадик, чунки 2020-йили зарурий тиббиёт буюмларини олиб чиқишни тақиқлаш бўйича ҳукуматнинг қарори чиққан. Энди бу жиҳозлар ишлаб чиқарувчига қайтариб берилади. Бу буюмлар насияга олинган ва бунинг учун ҳеч ким тўламаган», — деди Иманов.

ИВЛ харид қилиш

Бунгача «Клооп» журналистлари пандемия вақтида сотиб олиниб, омборда сақланаётган ўша 300 ИВЛ аппарати ҳақида суриштирув чоп этган.

Журналистлар 2020-йилнинг ёз мавсумида, «ТНК “Дастан”» давлат заводининг омборида Россиядан 300 янги ИВЛ аппарат олиб келиниб, улар шифохоналарга тарқатилмасдан омборда чанг бўлиб ётганини, бу орада беморлар аппаратларнинг етишмаслигидан вафот этганини аниқлашган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларни балансга олишдан бош тортган. Чунки аппаратларни касалхоналарга бериш учун 292 млн сом (269 млн рубль) тўлаши керак эди. Журналистлар ИВЛ аппаратларини сотиб олишда қатнашган кўплаб воситачиларни, улар туфайли қурилмаларнинг нархи кўп баробар ўсиб кетганини аниқлашган.

Парламентнинг май ойида бўлиб ўтган йиғилишида «Дастан» заводи бошқаруви раиси Эрик Апишев ускуна сифатсизлиги сабабли 2020-йилда қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинганини айтди. Бироқ тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни тақиқловчи ҳукумат қарори туфайли у амалга ошмай қолган. Кейинчалик Апишев компания товарларни қайтариб олишдан бош тортгани ва нархни пасайтирмагани ҳақида хабар берди.

Ўша йиғилишда МХДҚ «Дастан» заводи томонидан қиммат нархга сотиб олинган сунъий нафас берувчи (ИВЛ) аппаратлар бўйича текширув бошлагани маълум бўлди.

8-июл куни «Электронинторг»  адвокати Евгения Руденко Kaktus Media нашрига интервю бериб, 2020-йил ёзида Қирғизистонда COVID-19 пандемияси кучайганда  сотиб олинган ИВЛ аппаратларининг пулини қайтармаётгани туфайли Россия компаниясининг «Дастан»ни банкротлик жараёни бошлашини маълум қилди..

15 июл куни «Дастан»  заводидан «Электронинторг»нинг баёнотини «асоссиз» деб жавоб бериб, «ТНК “Дастан” ОАЖга босим» сифатида баҳолади.