Бишкек: Украиналикларга ҳамдардлик муралини номаълум шахслар бўяб кетишди

274

Бишкекда номаълум шахслар қирғиз аёлларининг украиналикларга ҳамдардлигини намойиш қилган суратни бўяб кетишди. Бу ҳақда «Клооп»га рассомлардан бири Вера Андрианова билдирди.

Сурат: Вера Андрианова. Бўялган мурал

У муралда чизилган икки қизни ва «Санъат тинчлик учун!» деган хештегни бўяб ташлашганини айтди. Андрианованинг сўзларига кўра, мурал 19 июлда соат 20:00да — ОАВга чиққанидан кейин дарҳол — бўялиб қолган.

Мурал Сухе Батор ва Юнусалиев кўчаларининг чорраҳасида Чон Чуй каналининг жанубий қисмидаги деворга 16 июль куни соат 21.00да чизилган.

Муралда икки қиз — қирғизистонлик ва украин қизи чизилган эди. Андрианованинг сўзларига кўра, қирғиз қиз украиналик дугонасига хавотир билан қараб, хамдарлигини изҳор қилади.

«Бу Семён Чуйковнинг «Қирғизистон гуллари» асарига берилган ҳурматдир. Бу уруш вақтида украин халқига, унинг ичида айниқса аёллар билан қизларни қўллаб-қувватлашнинг ижодий усули. Ҳарбий ҳаракатлар даврида одатта аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик кўрсатиш кўпаяди. Ҳужум қилган томон учун бу фуқароларнинг қаршилигини мазах қилишнинг бир йўли», — деган у.

Муралнинг ғояси арт-менежер Акжибек Бейшебаевага тегишли, амалга оширган рассомлар Вера Андрианова ва Арслан Наринбеков бўлган.

Айни вақтда Россия Украина билан урушмоқда. Жорий йилнинг 24 февралида рус аскарлари қўшни давлатга кенг кўламли ҳужум бошлаган. Россия ҳукумати мазкур ҳаракатини уруш деб номламади, Украинани «демилитаризация қилиш» ва «денатсификация қилиш» мақсадидаги «махсус операция» демоқда.

Қирғизистон Россия билан Украина урушида расмий бетараф позицияни ушламоқда.

Бучадаги украин хотин-қизларини зўрлаш

Украиналиклар уруш бошланганидан буён рус аскарлари украин хотин-қизларини зўрлагани ҳақида бир неча марта айтишган. Уларнинг ичида энг ҳайратланарлиси — Буча шаҳридаги тажовузлар.

Украинанинг бош прокурори Ирина Венедиктова «зўрлаш фактлари жуда кўп ва уларнинг ҳаммаси ҳудудлар озод этилганидан кейин суриштирилади» деган.

«Бу, албатта, фуқаролик жамиятини қўрқитиш... [Украинани] таслим бўлишга мажбур қилиш учун ҳамма нарсани қилишдир», — деган Венедиктова.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам тажовузлар ҳақида айтган. У Украинанинг вақтинча оккупация қилинган ҳудудида гўдакка жинсий зўравонлик кўрсатган россиялик аскарнинг шахси аниқланганини билдирган.