Президент Садир Жапаров 9 июль куни қирғизистонликларни Қурбон ҳайити билан табриклади. У Қурбон ҳайити қадриятларни улуғловчи, одамларни сабр ва тинчликка чақирувчи мусулмонларнинг асосий байрами эканини таъкидлади.
«Қурбон ҳайити аҳолимизнинг асосий байрами сифатида жамиятда мутаносиблик яратади, меҳрибонлик ва биродарлик туйғуларини юксалтиради ҳамда ривожлантиради. Умуман қурбонлик инсонни ўта очкўзликдан, дунё бойлигига интилишдан қутқаради. Шу билан бирга, ёмон одатлардан халос бўлишга ёрдам беради», — деди президент.
Жапаров, шунингдек, қирғиз фуқароларини ҳамжиҳат, хайрихоҳ ва меҳмондўст бўлишга чақирди.
«Ушбу муборак кундаги тилакларимиз қабул бўлсин, ҳар бир хонадонга файзу барака, халқимизга иймон-эътиқод, ризқ олиб келсин. Юртимизга тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт ато этсин, – деди давлат раҳбари.
Қирғизистоннинг барча вилоятларида ҳайит намози ўқилди. Бишкекда ҳайит намози эски майдонда ўқилди. Унда Президент Садир Жапаров, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Ақилбек Жапаров, МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев бошчилигидаги амалдорлар иштирок этди.
Коронавирус пандемияси туфайли икки йил кетма-кет Бишкекдаги эски майдонда қурбон ҳайит намози ўқилмаган.
Жорий йилнинг 2 майида коронавирусга қарши чекловлар олиб ташланганидан сўнг майдонда Рамазон ҳайити намози ўқилган. Унга 50 мингга яқин одам келган. Қурбон ҳайити Рамазон ҳайитидан 70 кун ўтгач нишонланадиган байрам.