Муфтият Садибакас Дооловнинг баёнотлари шариатга зид эмас ва қадр-қимматга путур етказмайди деб топди.

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси имом Садибакас Дооловнинг ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган баёноти шариатга зид эмас, сиёсатга аралашмаган ва ҳеч кимнинг қадр-қимматини камситмаган деб топди.

Муфтиятдан Дооловнинг ем ва гўшт нархининг ошишига «аёллар кийган кийим ҳам сабаб» бўлгани ҳақидаги фикрларига учта мезон билан кўриб чиққанини таъкидлади.

«Айни пайтда Садибакас Доолов билан суҳбат ўтказилиб, унинг айтаётган гапларининг маъноси халқ томонидан тўлиқ тушунилмагани аниқланди», — дейилади хабарда.

Имомнинг баҳсли «маърузаси»

6 июль куни ижтимоий тармоқларда Садибакас Дооловнинг видеоси тарқалиб, унда ем нархининг ошиши билан бирга гўшт нархининг ошишига аёлларнинг кийган кийимлари ҳам сабаб бўлаётганини айтган эди.

«Гўшт қимматлади дейишмоқда. Ҳа, гўшт қимматлади, қимматлайдида. Ем-хашак қимматлаётган бўлса, яйлов торайиб борса, албатта қимматлайдида, нега қимматламасин. Унинг қимматлашига яна бир сабаб бор. Яхшилаш эшитиб, айланайин оталар, оналар, бувилар, бувалар, тоғалар. Ҳурматли эркаклар, ҳурматли оналар яхшилаб қулоқ тутинг, номусингизга тегадиган қаттиқ гапни айтаман: гўшт бозорида гўштнинг нархи осмон боши, отангни гўри деганлар бир четдан топилади. Қачон қимматлайди биласизми? Қачонки сиз яшаган ҳудудда аёлларнинг танаси арзонлаб, йўғон сони бармоғидай ёки қўлидай қилиб кўрсатиб босиб қолса, номус қилиб бир оқсоқол «ҳой бери келчи, кимнинг қизисан? Ёп мана бу этагингни, узун қилмайсанми, уялмайсанми? Қандай бетинг йўқ? Кимнинг қизи бу? Деб ота-оналарини суриштирмаган оталарнинг сабабини аёлларнинг гўшти арзонлади. Аёлларнинг гўшти арзонлагани сабаб бозордаги қўйнинг гўшти қимматлади», — деган у.

Бу ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсга ва имомга нисбатан танқидларни пайдо қилган.

Доолов ўзи кейинчалик сўзи «контексдан қирқиб олиниб, маъноси ўзгартирилган»ини айтган. У гўшт қимматлади дейишдан аввал «ҳар бир инсон феъл-атворини, одобини, тарбиясини тарозига солиши» керак деб қўшимча қилган.

«Мен фақат подшоҳни, халқни ва бозорни баҳона қилмайман. Гўштнинг нархи ошди дейсиз, лекин аёл, она, опа-сингиллар танаси очиқ юрганда нимага номус қилмайсизлар деган гаплар бор эди», — деган имом.

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси эса диний ходимлари видеода ёзилган сўзларни нима мақсадда айтганини аниқлаш учун текширув бўлишини билдирди.