Эдил Байсалов ОАВлар Қирғизистон халқини «стрессга туширишда» айблади

315

Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов баъзи ОАВ «ҳар куни ва ҳар соат» бутун Қирғизистонни «стрессга тушириб, ахборот террори» қилмоқда деб айблади. Бу каби фикрни у ўзининг 13 ёшдаги қизнинг тажовузга учраши бўйича айтганига раддия бераётиб, 24.kg нашрига билдирди.

Бунгача Байсалов Твиттер саҳифасида ўсмир қизнинг тажовузга учраши бўйича маълумотга «буни ёзиб, қайғуни тарғиб қилишнинг нима ҳожати бор?» деган изоҳ ёзиб, ўйланиб ўтирган смайлик ҳам қўйган эди. Байсаловнинг ёзгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабабчи бўлган.

Байсалов содир этилган жиноят уни ҳам «ғазаблантирган»ини, аммо ушбу хабарда «мамлакатдаги ахборот гигиена» тўғрисида гапирганини айтди.

«Бизда икки-уч ОАВнинг бош муҳаррирлари ҳар куни ва ҳар соатда халқни стрессга, ахборот террорига дучор қилмоқда. Дунёнинг ҳеч бир давлатида бутун мамлакатни ғазаб, норозилик, қўрқув ва нафратга соладиган манзара йўқ» , — деб билдирди у.

Унинг сўзларига кўра, яйловда одамлар интернетни очгиси келмай қолганини, фақат салбий маълумотга тўлиб қолганини айтишмоқда.

«Мен муҳокама қилинган аниқ бир вазиятни айтмадим, бу ерда гап умуман ОАВнинг ахборот сиёсати ҳақида кетмоқда [...] Муҳаррирлар биринчи саҳифада нима чоп этилишини, ўртада қандай маълумотлар бўлишини, энг охирги саҳифада қайси маълумот кичик ҳарфлар билан ёзилиши керак эканини тушуниши лозим. Биз бунга эътибор қаратамиз, чунки пировардида биз жамоатчилик кайфияти ва ахборот хавфсизлигига жавоб берамиз. Биз ҳар доим аҳолини бахтсиз қилиш уринишларидан ҳимоя қиламиз. Кимдир буни профессионал малакаси йўқлиги сабабли қилиши мумкин, кимдир «клик» кўпроқ бўлиши учун буни қилиши мумкин, бошқа биров эса яхши ҳаётга эга бўлмаган ва қолган олти миллион халқнинг ҳам азобланишини, бир-бирларидан нафратланишини хоҳлаши мумкин», — деди Байсалов.

Шу билан бирга Байсалов «тажовуз фактларига кўз юмиб, бу борада ОАВга ёзмай қўйиш» нотўғри эканлигини таъкидлади. Аммо, унинг сўзларига кўра, ОАВ ўзининг халқ кайфиятига таъсир қилиш кучини тўлиқ англаб етмаган.

13 ёшдаги қизнинг зўрланиши

Февраль ойи охирида 13 ёшдаги қизга тажовузда гумонланиб, икки милиция ходими қўлга олинган. Бу ишда жами тўрт нафар киши айбланмоқда. Бир кун аввал ОАВда бу ишнинг тарихи чиқиб, қиз деярли олти ой давомида жинсий зўравонликка учраб келгани аниқ бўлди

Ҳозирда икки милиция ходими ва «Дордой» бозорида ишлаган қоровул суд жавобгарлигига тортилиши мумкин. Шунингдек ўқувчи қизни зўрлашда гумонланган официант йигитга нисбатан қўзғалган иш текширилиб, ишнинг материаллари судга ўтказилган. Қизнинг яқинлари гумондор 0 милиция ходимлари жавобгарликдан қутилиб кетиши мумкин деб хавотир олишмоқда.