Жогорку Кенешнинг 30 июндаги йиғилишида президент Садир Жапаров «Жисмоний шахсларнинг мулкини ихтиёрий легаллаштириш ва амнистия бериш тўғрисида» қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини айтди.
Унда президент бу қонуннинг мақсади «бойлар, амалдорлар, коррупционерларнинг ҳаром маблағини ҳалоллаш эмас, мамлакатимиздаги 200га яқин бойларнинг мулкини хорижда сақлатмай, уларнинг маблағини мамлакатга қайтариш» эканини билдирди.
«Чет элга бориб, миллион, миллиардлаган маблағларга завод, фабрикаларни қуришмоқда. Октябрь воқеаларидан кейин қўлдан келганча 100 млн доллардан бошлаб 2 млрдгача тўктириб, ҳаммасини олгандай бўлдик. Бироқ ҳамон шунга қарамай, чет элда улар яшираётган маблағлар кўп. Бу қонун мақсади яшираётган маблағларни Қирғизистонимизга олиб келарди. Маблағларни бизни банкларга солсак, бизнинг банклар фойда кўради», — деди Жапаров.
Шунингдек давлат раҳбари у бойларнинг орасида яқинлари, дўстлари йўқ эканини айтиб, қонун лойиҳасида «манфаатлар тўқнашуви бўлмайди» деб ишонтирди.
«Бойларнинг орасида қўллайдиган қариндошим, ёки дўстим йўқ. Бу қонунни бугун қабул қилаётганинглар йўқ. Бунгача 2005 йилдаги инқилобдан кейин, 2008 йили, шундан кейин 2010 йили, 2-3 марта қабул қилиб бергансизлар. Бу қонун унда ишламаган. Чунки хом бўлган. Биз ҳозир ҳаммасини аниқлаб, қонун ишлаб кетадигандай қилдик. Бойларнинг ўзини ҳам чақириб, гаплашиб, маслаҳатлашиб, шундан сўнг сизларга юбордик», — деди Жапаров.
Бундан ташқари мамлакат раҳбари мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича халқ вакилларига мажбурламасликни айтиб, қўллаб-қувватламай қўйсангизлар ҳам «ўз хоҳишингиз» деган фикрини билдирди.
Қонун қабул қилинса қандай хавотирлар мавжуд?
Қонун лойиҳасини «Адилет» Ҳуқуқий клиникаси таҳлил қилди. Унда қонун лойиҳаси мамлакатнинг Конституциясига, унинг ичида Қирғизистон ўзи аъзо бўлган халқаро шартномаларга ва ҳужжатларга, шунингдек коррупцияни бартараф қилиш ва олдини олиш бўйича давлат стратегиясига қарши келишини таъкидлаган.
Қонун лойиҳасига кўра, қирғизистонликлар махсус декларация топшира олишади. Ҳужжатда уларнинг аввал қандайдир сабаблардан ҳужжатга кирмай қолган, ҳатто ноқонуний ва жиноий йўл билан келса ҳам барча даромадлари ва мулклари кўрсатилади.
Бир вақтнинг ўзида активларидан келган манбасини очиқлашга ҳеч ким мажбур бўлмайди. Махсус тайёрланган янги декларация уларнинг қонуний эканлигига тасдиқ бўлади.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, қирғизистонликлар ўз активларининг қайси манбадан келганини кўрсатишга мажбур бўлмайди. Агар у ноқонуний ёки жиноий йўл билан топилиб аммо декларацияга киритилган бўлса, унда декларантлар ҳамма жавобгарликдан, зарур бўлса жиноий жавобгарликдан ҳам озод этилади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси барча амалдорларнинг, юқори хизматни эгаллаган давлат ходимларининг ва сиёсатчиларнинг даромадлари ва харажатлари тўғрисида маълумотларни эълон қилишни тақиқлайди. Тақиқ уларнинг яқинларининг мулкларига ҳам тегишли ҳисобланади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг муаллифлари маълумотларни ва декларацияни ошкор қилиш учун жиноий жавобгарлигига тортишни хоҳлашади. Бундай маълумотларни судда далил қатори фойдаланиш мумкин эмас. Бу маълумотлар судларга етарли бўлмайди.
«Бу ўзгаришлар билан юқори ва ўрта давлат ва муниципал ходимларнинг даромадлари ҳақида маълумотни жамоатчиликдан яширишни хоҳлагани кузатилиб туради Бу Қирғизистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига, шунингдек бунгача коррупцияга қарши эълон қилинган кенг миқёсда сиёсатига ҳам қарши келади», — деб таъкидлашган юристлар.
Таҳлилда қонун лойиҳаси Қирғизистон аъзо бўлган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига зид келиши айтилади. Бу ноқонуний бойиш давлат томонидан қўллаб-қувватланмай, жазога тортилиши керак деган халқаро ҳуқуқий ҳужжат.
«Амалда киритилган таклифлар билан инсонийликка қарши барча жиноятлардан, бандитизмдан, одам сотиш ва меҳнатни ноқонуний эксплуатация қилишдан фойда кўриш қўллаб-қувватланади», — дея ҳисоблашади юристлар.