Жогорку Кенешнинг 29-йиғилишида бир неча депутат «Бутун Қирғизистон» муҳолифат фракцияси лидери Адахан Мадумаровни танқид қилди. Бунга Мадумаровнинг қонун лойиҳасига овоз бермай, қонун тўғрисида тушунтириш беришни талаб қилгани сабаб бўлди.
Йиғилишда «Қирғизистоннинг баъзи қонун актиларига ўзгартиришларни киритиш ҳақида» қонун лойиҳаси биринчи ўқишда овоз беришга қўйилди. Аммо уч нафар депутат овоз бермади. Мадумаров қандай қонунга овоз беришаётгани тушунарсиз бўлаётганини айтган.
«Ҳеч бўлмаганда қўмита ҳисоботини ўқиб қўймайсизларми. Мана депутатларнинг ҳаммаси “Қайси қонунга овоз беряпмиз” деб бир-биридан сўраяпти. “Қўявер энди, кетаверсин” деб овоз кетмоқда. Қонун қабул қилишни ўйинчоққа айлантириб олдик», — деб норози бўлди Мадумаров.
Унга Конституция қонунлар, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқий масалалари ва парламент регламенти бўйича қўмита раиси, депутат Медер Алиев жавоб бериб, Мадумаровни «ҳаммасини яхши билиб туриб шоу қилмоқда» деб танқид қилди.
«Регламент бўйича бунгача қонун қўмитада кўрилади, бу ерга келади [...] Аммо Адахан Кимсанбаевич шуни билиб туриб, халққа ёқиш мақсадида “бу ерда ҳамма ахмоқлар ўтирибди, ёлғиз саводли бўлганингиз” афсуслантирмай қўймайди-да. Энди буни беш қўлингиздай биласиз, айланай. Уятда энди. Билиб туриб нимага “артист” бўляпсиз. Популизмнинг ҳам чегараси бўлиши керакда», — деди у.
Депутат Нурбек Сидигалиев эса мазкур қонун лойиҳаси парламентнинг 23-июндаги мажлисида кўрилганини таъкидлаб, унда Мадумаров «тушгача ўтириб» кетиб қолганини айтди.
«Бу ерга чиқиб ҳар нарсани айтаверса унинг гапи тўғри бўлаверадими? Бу ерда биринчи синф ўқувчилари ўтирмаяпти. Ҳаммаси билади қайси қонунга овоз бераётганини. Яхшилаб қараб олинг. Тўхтатмайсизми шуни! Сиз кимсиз сизга қонунни тушунтириб бергудай?» — дея савол берди депутат ҳукмрон овозда.
Жогорку Кенештин раиси Талант Мамитов эса депутатларга «бир-биримизни ҳурмат қилишни ўрганайлик» дея мурожаат қилди. У ҳам Мадумаровга «бу каби қилиғингизни тўхтатинг» дея огоҳлантириш берди.
«Тўғри ҳар бир депутатнинг ҳуқуқини ҳурмат қилмоқдамиз, микрофон беряпмиз. Аммо бу ерга оддий бунгача муҳокама қилинган масала бўйича чиқиб туриб, ҳозир айтилмайди дейиш нотўғри. Регламент турибди. Оддий нарсани сиз тушунишингиз керак Адахан Кимсанбаевич», — деди Мамитов.