«Бутун Қирғизистон» фракцияси лидери Адахан Мадумаров Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитасининг 27-июндаги йиғилишидан қоғозларини йиғиштириб чиқиб кетди.
Мажлисда Евросиё тараққиёт банкининг Евросиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармасидан 160 миллион АҚШ доллар кредит олиш шартномасини ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Мадумаров иқтисод вазирлиги кредит масаласи бўйича депутатларнинг саволига «қисман» жавоб бераётганини таъкидлаб, маблағни қаерга сарфланиши тўғрисида савол берди.
Унинг саволига вазирликнинг иқтисод ва молия бўйича рахбари ўринбосари Тургун Асанов жавоб бериб, хозирда 84 лойиҳа борлигини таъкидлади. Уларнинг 11таси амалга ошаётганини айтди.
Аммо Мадумаров аниқ бир маала юзасидан савол берганини айтиб, яна бир бора таъкидлади. Бироқ, унга масъул ходим қоғоздан маълумот қидириб, саволга аниқ жавоб бера олмади.
«Сизлар ёддан билишингиз керак. Пул бераётгандан кейин билишинглар керакда. Қаерга, кимга, нима учун беряпсизлар?» — деб Мадумаров иқтисод вазирлигининг вакилини танқид қилди.
Иқтисод ва тижорат вазирининг ўринбосари Руслан Татиков кредитнинг 70 фоизи Энергетика вазирлигига, қолгани Туризм фонди ва «Қирғиз индустрия» давлат ишхонасига берилишини таъкидлади.
Аниқ жавоб олмаганидан норози бўлган Мадумаров ратификация қилиш қонунини ортга қайтариш таклифини билдирди. Қўмита раисининг лойиҳани иккинчи, учинчи ўқишда овозга қўйиш таклифини кўпчилик депутатлар маъқуллади.
«Биринчи ўқишда кимга қанча кетади, нима мақсадда, қандай фойда чиқади, иқтисод қанча ўсади деган саволларни қўйганмиз. Ўзларининг олиб келган нарсалари бўйича берган саволларга ўзлари жавоб бера олишмаяпти. Яна “қўллаб қўяверайлик, ҳеч нимани ўзгартира олмаймиз” дейишмоқда. Унда нима қилиб ўтирибмиз?» — деб депутатларга савол берди Мадумаров.
Халқ вакили ратификация бўйича учинчи ўқишни кейингига жилдиришни таклиф қилди. Аммо ҳамкасблари унинг таклифини қўллаб-қувватламади.
«Авлод ўзгариб бормоқда. Аммо ўша ифлос хийла ҳамон давом этмоқда. [...] Ўзи баъзи бир инсонларнинг мажлисда иштирок этишининг ҳожати бўлмай қўйди. Таклиф бериш ҳам, гапириш ҳам шарт эмас. “Биз кўпчиликмиз, билганимизни қилиб кетаверамиз” дейсизлар», — деб Мадумаров қоғозларини йиғиштириб, йиғилишдан чиқиб кетди.
Мадумаров парламент ва қўмита йиғилишида фаол иштирок этган ва қонун лойиҳалари бўйича аниқлик киритувчи саволларни берган ягона депутат. «Бутун Қирғизистон» мухолифат фракцияси лидерининг казино ҳақида айтганига президент Садир Жапаров ўзи жавоб берган.
Жапаров МХДҚ раиси Камчибек Ташиев билан депутат Адахан Мадумаров ўртасидаги низо ҳақида фикр билдириб, Мадумаровни «популист сиёсатчи» деган. Мадумаров Жапаров билан Ташиев «популист деган сўзни ҳам тушунмайди» деб танқид қилган.