124 минг сомга қурилган ҳожатхона. Боткен медиа марказининг янги биносининг сифати танқид қилинди

Сурат: Боткен/мустақил журналист Идирис Исаков

Мустақил журналист Идирис Исаковнинг навбатдаги суриштирувида Боткен вилояти медиа марказининг янги бинонинг сифати ҳақида айтилди.

Медиа маркази рахбарининг собиқ ўринбосари Кайрат Жапаров журналистга бинонинг қурилишига 33 млн сом сарфлангани билан эшиклари бузилаётганини айтган. Шу билан бирга у ёғочдан қурилган ҳожатхонанинг ўзига 124 минг сом сарфланганини мисол келтирган.

«Ҳожатхона 124 минг сомга қурилибди. Бу икки қисмдан иборат, оддий ёғочдан ясалган таҳоратхона экан. Ғириллаб  у тарафидан шамол кириб туради. Ичи бир метрга яқин. Кейин тўлади», — деган Исаков.

Аммо Боткен медиа марказининг бошлиғи Мамажан Бердишев «ҳожатхона бўлганидан кейин тўладида» деб жавоб берган.

У журналистнинг сифатсиз қурилган ҳожатхонани қандай қабул қилдингиз деган саволига жавоб беришдан бош тортиб, гапни бошқа томонга бурган.

«Буни муҳокама қилишга, ҳақиқат учун ёнингизга техник назорат юритувчи мутахассислар билан келишингиз керак», — деган Бердишов.

Шу билан бирга журналист бинонинг эшик тутқичи ёпилмай, қоғоз тиқиб қўйишганини кўрсатиб, минг сомлик буюм эмаслигини айтган. Лавҳада эшик михлари бўшаб, шарақлаб қолганини кўриш мумкин.

Буни ҳам раҳбар эшикни ҳар хил очадаганлар бор деб, уни таъмирлаш ходимларга юкланишини айтган.

Идирис Исаков бинони қурган «Автоэнергоснаб» МЧЖнинг Боткен вилояти чегарага яқин қишлоқларни қайта тиклаш бўйича махсус вакили Мамиржан Рахимовга тегишли деб тахмин қилган. Бу маълумотни марказ ходимлари ҳам тасдиқлаган.

Ахборот марказидан чиқиб журналист Рахимовнинг ишхонасига бориб, мазкур компания сизга тегишлими деган саволни берган. Президентнинг ваколатли вакили маълумотни инкор қилиб,  «менда ҳозир фирма йўқ» деган.

«Аввал ишлаганман. Ҳозир эса фирмам йўқ. Унга умуман алоқам йўқ. Медиа маркази қурилаётганда кўп борганман, борганимни тан оламан», — деб жавоб берган Рахимов.

Шундан сўнг журналист ҳожатхонанинг баҳоси ва аҳволи бўйича савол берган. Рахимов қурулиш нархини компания аниқлашини айтиб, ҳозир бундай ҳожатхона сметаси 800 минг сомгача бўлаётганини таъкидлаган.

Ўмарилган миллионлар

Вилоят прокурори  Кудаяр Байматов эса бино сифатсиз қурилгани бўйича вилоят капитал қурилиш бошқармасига «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» моддаси билан иш қўзғалиб, судга ўтганини билдирди.

Бунгача жорий йилнинг 18-май куни Бош прокуратура Боткен вилоят капитал қурилиш бошқармаси ходимлари Боткен вилояти ахборот маркази биносининг қурилишида келтирилган зарарни тўлаб беришганини билдиришган.

Унда мазкур бошқарма мутасадди ходимлари смета баҳоси 38,4 млн сомни ташкил қилган бинонинг қурилишини акт билан қабул қилган. Лекин текширувда ўртамчи компания томонидан  11,4 млн сомлик қурилиш ишлари бажарилмагани аниқланган.

Боткен вилояти ахборот  маркази биносини қуриш учун 2016-йили тендер ўтказилиб, 2017-йили қурилиш ишлари бошланган. 2020-йили бино қурилиши якунланиб, фойдаланишга берилган.