Лавозимидан вақтинча четлатилган соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг иши Ички ишлар вазирлигига ўтказиб берилди. Маълумотни «Клооп» мухбирига Бош прокуратуранинг матбуот хизмати тасдиқлади.
Назорат органидан билдирилишича, холис тергов мақсадида иш ИИВнинг маҳкамалараро тергов гуруҳига ўтказиб берилди.
Бош прокуратура ходимлари Алимкадир Бейшеналиевни 2-июнда қўлга олган, унга нисбатан еттита жиноий иш қўзғалган.
Назорат орган маълумотига кўра, Бир жиноят иши «Коррупция» моддаси бўйича, икки «Пора талаб қилиш», тўрттаси «Лавозимини суиистеъмол қилиш» ҳамда «Билиб туриб манфаатсиз шартнома тузиш» моддалари бўйича қўзғалган.
4-июнда президент Садир Жапаров соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевни тергов вақтида вақтинча хизматидан четлатган ҳамда Жаркинбек Касимбековни соғлиқни сақлаш вазирининг вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган.
Жапаров шу билан бирга, Курманкул Зулушевни тергов вақтида бош прокурорлик мансабидан вақтинча четлатган. Президент бундай қарорни икки томоннинг тенг манфаатини ҳисобга олингани билан тушунтирган.
Чунки аввалроқ вазир билан бош прокурор гап талашиб қолган.
16-июнда Бишкек шаҳар суди Бейшеналиевни уй қамоғига чиқарган. Унгача МХДҚнинг СИЗОсида бўлган вазир соғлиги ёмонлашганини айтиб шикоят қилган.
Шундан сўнг Жапаров Зулушевни вазифасига қайтарган.