Вазирлар маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров Жогорку Кенешнинг 22-июндаги йиғилишида бу йил давлат бюджети 1 миллиард сомдан 2 миллиард сомгача тўлиши мумкинлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу кўрсаткичга казиноларни очишга рухсат бериш билан эришиш мумкин.
У қонунга кўра, казиноларга фақат чет эл фуқаролари кириши мумкинлигини яна бир маротаба эслатиб ўтди. Агар аксинча бўлса, казино жиҳозлари конфискация қилиниб, лицензияси олинади, дея таъкидлади Жапаров.
Бундан ташқари Жапаров казиноларга кирган фуқароларга назорат қилишлари учун йўлакка биометрик назорат ўрнатиш режаланаётганини айтди.
Вазирлар маҳкамасининг таъкидлашича, мамлакатга пул оқимини олиб келиш учун янги усуллар керак. Жапаровнинг фикрига кўра, казино мамлакатга «кўплаб чет эллик фуқароларни жалб қилади».
Қирғизистонда казиноларни очиш
2021-йили президент Садир Жапаров Қирғизистонда казино очишни таклиф этган. Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров ташаббусни қўллаб -қувватлаган.
2021-йилнинг 27-апрелида президент казиноларни мамлакатнинг барча ҳудудларида очиш ғоясини тавсия этган. Ўша вақтда Жапаров қимор ўйинлари бюджетга «миллиардлаб» даромад олиб келишини таъкидлаб, вазирлар маҳкамаси фақат ҳар бир ўйин столи учун солиқ олмасдан, казино фаолиятини юритиш учун 1- 1,5 млн долларга лицензия сотишини қўшимча қилган.
Иқтисод ва тижорат вазирлиги «Кўнгил очар ўйинлар иши тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, 28-мартда жамоат муҳокамасига олиб чиққан.
Лойиҳага кўра, маҳкама казино, тотализатор, букмекер контора ва залларнинг, шунингдек ўйин автоматларининг фаолиятини қайта қонунийлаштиришни кўзлайди.
Иқтисод вазирлиги бу қонун лойиҳасининг «кечиктириб бўлмайдиган» қатори — навбатсиз тартибда дарҳол уч ўқишда кўриб чиқишни таклиф этган.
Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Қирғизистон фуқаролари билан шу билан бирга меҳнатга лаёқатсиз ёки 21 ёшгача тўлмаганлар қиморхоналар мижози бўла олмайди.
Вазирлар маҳкамаси бошлиғи Акилбек Жапаров 2001-йилда мамлакат бюджетига казино ва қимор ўйинлари фаолиятидан 630 миллион сом тушганини, бу сафар мазкур миқдор тўрт баробар кўп бўлади деб кутилаётганини айтган.
20-июнда Жогорку Кенешнинг Бюджет, иқтисод ва фискалдык сиёсати бўйича қўмитаси казинони қонунийлаштириш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллаган.
Казиноларнинг очилишига қарши чиққан депутат Дастан Бекешев қонун лойиҳаси парламентдаги иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинганини айтган. Ҳужжатни қабул қилиш жараёни ёпиқ эшик ортида ўтган.