Жалолобод: Оғир юк ташувчи автомобил билан «Лексус» тўқнашиб, икки киши ҳалок бўлди

Жалолободда «Волво» русумидаги оғир юк ташувчи машина билан «Лексус 470» русумидаги енгил автомобил тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра,  транспорт ходисаси Бишкек — Ўш автомобил йўлининг 323-чақиримида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида енгил автомашина ҳайдовчиси ва йўловчиси воқеа жойида вафот этган.

Сурат: ФВВ матбуот  хизмати.

Воқеа жойига Токтогул туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг етти қутқарувчиси бориб, енгил автомобилда қисилиб қолган жасадларни чиқариб, тез ёрдам хизматига ўтказиб беришди.

Вазирликнинг матбуот хизматидан ҳозирда марҳумларнинг шахси аниқланаётганини қўшимча қилишди.

Кеча, 22-июнда Жалолобод вилояти Тош кўмир шаҳрида ёнилғи ташиган автомобил йўл четига чиқиб ёниб кетган. Ходиса оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлган.

ИИВнинг маълумотига кўра, Бишкек — Ўш автомобил йўлининг 6-60-чақиримида жорий йилнинг тўрт ойида 74 йўл транспорт ходисаси содир бўлиб, оқибатда 12 киши ҳалок бўлган. Ҳодисадан 96 киши турли тан жароҳатлари олган.

Шу билан бирга, ИИВдан тунда пиёдаларни уриб кетган холатлар кўп учрамоқда, бунга кўчалардаги қўлбола ёритгичларнинг йўқлиги ҳам сабаб эканини таъкидлашган.