«Олий суд оқлаган». Жаркинбек Қасимбеков унга қўзғалган баҳсли жиноят иши ҳақида

Соғлиқни сақлаш вазирининг вазифасини бажарувчи Жаркинбек Касимбеков унга қўзғалган жиноят иши бўйича журналистларга изоҳ бериб, Олий суд уни оқлаганини билдирди.

Шов-шувли жиноий иш

Жаркинбек Касимбеков 2015-йили меҳнат таътилини асоссиз олиб, Дубайга дам олишга учиб кетгани учун Бишкек шаҳар тез ёрдам маркази бош шифокорлиги вазифасидан озод этилган. Аммо шунга қарамасдан Касимбеков ишга келишни давом этдирган.

Ўша йилнинг ўзида тендерни ноқонуний ўтказгани учун унга нисбатан «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» моддаси билан жиноий иш қўзғалган. Унда Касимбеков тез ёрдам мазкази ходимларига 1 миллион 200 минг сомга комбинезон тиктириш бўйича «Кўзи ожизлар ва кар-соқовлар жамияти» билан шартнома тузиб, аммо маблағини тўламай қўйгани айтилган.

2018-йили суд Касимбековни айбдор деб топиб, 300 минг сом жаримага тортган. Бироқ айбланувчининг химоячиси Олий судга ариза билан мурожаат қилганини айтган. Лекин Олий суддан шикоят қаралмаганини таъкидлашган. Кейин иш нима билан якунлангани номаълум қолган.

Ўша вақтда Касимбеков «Халқаро Тиббиёт Университети»га қарашли клиника раҳбари бўлган. Адлия вазирлиги ўша вақтдаги маълумотига кўра, университет ректори қатори қўшиқчи Роза Аманова кўрсатилган. Бу ҳам жамиятда муҳокамага сабаб бўлган.

Касимбеков нима дейди?

Вазир вазифасини бажараётган Жаркинбек Касимбеков 2015-йили унга нисбатан жиноий иш ноқонуний қўзғалганини айтиб, унинг ортида «харом фикрлилар турибди» деб хисоблайди. У Бишкек шаҳар тез ёрдам марказида бош шифокор бўлиб ишлаб юрганда ҳам миш-мишларни ўша  «ичиқоралар» тарқатган деган фиркда.

Касимбековнинг сўзларига кўра, у тез ёрдам хизматида раҳбарлик қилаётганда тезкор хизмат вакилларига биринчи марта умумий форма тикилган. Касимбеков унинг ортидан Бишкек мэрияси тез ёрдам машиналари учун реанимобилларни олганини таъкидлади.

«Рангини, “Тез ёрдам” деган ёзувни мен қабул қилганман. Бу биринчи марта бўлган. Гуманитар лойиҳа эди, давлат бюджетдан бир тийин сарфланмаган. Донор ташкилот билан шартнома тузганмиз. Тикувчилик ишини кўзи ожизлар ташкилотига берганмиз. Улар ишни жуда яхши бажаришди. Ўша ердан маблағ ўмарилган дейишмоқда. Мен ҳеч нарса олмасам қаердаги ўғрилик?» — деди у Олий суд уни оқлаганини қўшимча қилиб.

Бундан ташқари, Касимбеков тез ёрдам хизматининг бюджетига кўплаб ташқи сармояни жалб қилганини, бу «ичиқораларга» ёқмаган деган фикрда.

«Вазир ўринбосари бўлиш учун жон талашмоқда деган фикрда, мени “чўктириб ташлаш”ни маъқул кўришди. Ишдан озод этиб, судда мағлуб бўлсин деб жиноий иш қўзғашди. Умумий форма тикилаётганда ходимларга мукофот пули берганман. Лекин хисобчи хисоб вақтида математик хатога йўл қўйган экан», — деб билдирди вазир вазифасини бажарувчи.

Касимбеков 24.kg нашрига берган интервьюсида «товламачи ёки фирибгар эмаслигини» таъкидлаб, буни исботлаш учун «етти йил кетганини» айтди.

Жаркинбек Касимбеков ким?

Жаркинбек Касимбеков. «Ынтымак» партиясининг матбуот хизмати

Жаркинбек Касимбеков 49 ёшда. Тиббиёт фанлари доктори. 1996-   или Давлат тиббиёт инститини тамомлаган. 1998-йили давлат тиббиёт адемиясида урология бўйича ординатурани ўқиган. 2004-йили Президентга қарашли бошқарув академиясида магистратурани битирган.

Сўнги 20 йилдан буён турли лавозимларда ишлаб келади. 2014-2015-йили Бишкекдаги тез ёрдам хизматига етакчилик қилган. 2017-2018-йили «Халқаро Тиббиёт Университети»нинг ректори бўлган.

2021-йили «Ынтымак» партияси билан Жогорку Кенеш депутатлигига номзодини қўйган. Жаркинбек Касимбеков — «Чон Казат» партияси лидерлеридан бири. 2020-йили октябрда Касимбеков ўзининг «соғлиқни сақлаш вазири» деб эълон қилган.

Касимбеков 24 kg нашрига берган интервьюсида, 2020-йили «мансабни эгаллашга уриниш нияти ёки фикри бўлмаган»ини билдирган. Унинг таъкидлашича, 6-октябрда ҳукуматда ҳч ким йўқ вақтда, мародёрликка йўл қўймаслик учун бир нечта партия штаб тузиб, уни Соғлиқни сақлаш вазирлигига масъул қилиб тайинлашган.