Баткен: Чегара жанжалида ярадор бўлган икки ҳарбийнинг аҳволи барқарор экани хабар қилинди

322

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан «Клооп»га Баткен туманидаги қирғиз-тожик чегарасидаги отишмада ярадор бўлган икки ҳарбийнинг аҳволи барқарор эканини билдиришди.

22 ёшдаги аскарнинг бош суяги, бўйни, тишлари, елкалари, ияги жароҳатланиб мияси чайқалган. Унга жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, жонлантириш бўлимига ўтказилган.

21 ёшдаги аскар эса бошидан жароҳат олган, мияси чайқалган ва умртқа суяги синган. У  нейротравма бўлимига ётқизилган.

Ҳозирда иккиси ҳам тегишли ёрдамларни олаётгани айтилди. Ҳарбийлар пойтахтдаги Миллий госпиталда даволанишмоқда.

4-июнда президент Садир Жапаров чегарадаги отишмада ярадор бўлган чегарачилардан хабар олган. Давлат раҳбари аскарлар билан суҳбатлашиб, уларнинг аҳволини сўраб, тез орада соғайиб кетишини истаган.

Чегарадаги отишма

Баткен туманидаги қирғиз-тожик чегарасида 3-июнда отишма қайд этилган. Бунинг оқибатида Қирғизистоннинг икки ҳарбийси жароҳат олгани айтилган.

Маълумотга кўра, туманнинг Булоқбоши ҳудудида тожик аскарлари Қирғизистоннинг чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Улар қирғиз чегарачиларнинг ҳудуддан чиқиб кетиш талабига бўйсунмай ўқ чиқарган.

Шу сабабли икки томонлама отишма қайд этилиб, «тожик томон миномётларни қўллангани» айилган.

Маълумотга кўра, соат 14:07да отишмани тўхтатиш бўйича буйруқ берилганига қарамай, тожик томоннинг позицияларини соат 14:15га қадар отишни давом эттирган.

Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида воқеа жойига Чегара хизматининг Боткен вилояти бўйича бошқарманинг етакчиси Қиялбек Толонбаев ҳамда чегара отрядининг командири Рустам Миршакиров борган. Кейинчалик МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев воқеа жойига махсус самолётда бориб чегарачиларни олиб келган. 4-июнда вазият барқарорлашган.