Президент Адахан Мадумаровни «популист сиёсатчи» деб атаб, МХДҚнинг бошчисига ён босди

Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров

Президент Садир Жапаров «Азаттык» радиосига 3-июнда берган интервьюсида, МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев билан депутат Адахан Мадумаровнинг ўртасидаги тортишувида давлат ходимининг этикаси бузилмадими деган саволга жавоб берди.

Давлат раҳбари Ташиев «ичи ачишиб кетиб қаттиқ жавоб берди» деб, махсус хизмат бошчисини тўғри тушунганини таъкидлади.

«Мадумаров ватанпарвар эмас. Мамлакат нима бўлса бўлсин, мен гапириб қўйиб халққа ёқсам бўлди деган популист сиёсатчи. Халқ ҳам унинг характерини билиб бўлди», — деди Жапаров.

Айни вақтда президент МХДҚ озиқ-овқат хавфсизлигини ва озиқ-овқат нархини назорат қилаётганини таъкидлаб, чегарадаги контрабанда 90%га тўхтаганини айтди.

«Албатта қўйилган постда ходимлар халол ишлаяпти дейишдан узоқмиз. Барини 100 фоиз назорат қилиш қийин. Инсон фактори ҳам бўлади. Кимдир ярим тигин сўраши мумкин. Ундайларни ушлаб келиб қамашмоқда. Кўриб турибсизлар», — деб тушунтирди Жапаров.

Кейинчалик эса «Бутун Қирғизистон» мухолиф фракциясининг лидери Адахан Мадумаров президентнинг танқидига жавоб берди. У Жапаров билан Ташиевга «менда комментарий йўқ» деб, «улар популист сўзни ҳам тушунмайди» деди.

«Мени Ақаев, Бакиев, Атамбаев, Отунбаева, Жээнбеков ҳам танқид қилган. Улар қаерда, мен қаерда?» — деди Мадумаров.

Жогорку Кенешнинг 2-июндаги йиғинида МХДҚ бошчиси Қамчибек Ташиев Мадумаров билан тортишиб кетган. Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг етакчиси Мадумаровни «қонтрабандани ҳимоя қилишда» айблаб, «биринчидан қўлингни синдираман» деб, шундан кейин «қамайман» деб қўрқитган.